«Азаттык»нинг банк ҳисоби қонун асосида музлатилган — «Демирбанк»

233

DemirBank тижорат банки Facebook’даги саҳифасида жиноий даромадларни легаллаштиришга оид қонун асосида «Азаттык Медиа»  муассасаси ҳисобини блоклаганини маълум қилди.

Банк Қирғизистондаги биринчи халқаро банк бўлиб ҳисобланади ва улар қонун талабларига доимо амал қилишларига ишонтирди.

«DemirBank «Азаттык»нинг ҳисобларини ноқонуний равишда музлатгани ҳақидаги барча айбловлар мутлақо асоссиз. «Азаттык» ҳисобидаги операциялар ПФТД/ЛПД тўғрисидаги қонунга [террорчилик фаолиятини молиялаштиришга ва жиноий даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш тўғрисидаги қонунга мувофиқ тўхтатилди», — деб ёзади банк.

DemirBank маълумотларига кўра, ушбу қонун талабларига риоя қилиш Қирғизистондаги барча банклар учун мажбурийдир ва «агар бу қонун ҳужжатларига мувофиқ ва асосида амалга оширилган бўлса, банклар банк операцияларининг тўхтатилиши учун жавобгар эмас».

«Демирбанк» банк операциялари мазкур қонунга кўра тўхтатилган бўлса банк жавобгарликка тортилмайди деб таъкидлади.

Шу билан бирга, банкнинг матбуот хизмати бу бўйича «Азаттык» нашрининг мурожаатига расмий жавоб берганини қўшимча қилди.

«Азаттык Медиа»  жиноий даромадларни легаллаштириш (ювиш) тўғрисидаги қонунга тортилгани ҳақида аввалроқ депутат Дастан Бекешев Twitter саҳифасида хабар берган эди.

Аввалроқ «Азаттык Медиа»  DemirBank’га уларнинг ҳисобини музлатилиши сабаблари бўйича расмий тушунтириш олиш учун мурожаат қилган. Муассасанинг қайд этишича, банк уларнинг банк ҳисоб рақамига киришни суд қарорисиз блоклаган, бу эса ноқонуний ҳисобланади.

«Азаттык»  таъкидлаганидек, қонунга кўра, суд қарорисиз ҳисоб блокировка қилинган тақдирда банк жавобгар бўлиб, ташкилотга етказилган моддий зарарни тўлаши шарт.

«Азаттык Медиа» 31-октябрда «Демирбанк»даги ҳисоби музлатилганини хабар қилган. Бу ҳақда банк ходимлари «Азаттык»қа оғзаки шаклда тасдиқлаб, «бу ҳақда МХДҚдан билдирув олаганини» айтишган. Аммо ўшанда банк расмий турда маълумот бермаган.