«Озодлик»нинг президенти: Журналистларимизнинг оғзини ёпиш ҳаракатига қарши курашамиз

278

Эркин Европа/Озодлик радиосининг президенти Жейми Флай «Азаттык» сайтининг банк ҳисобига тўсиқ қўйилиши бўйича баёнот қилди. Унинг баёнотини «Азаттык»нинг ўзи чоп этди.

«Қирғизистон ҳукуматининг бундай эскалацияси Қирғизистон қонунларини бузаётгандек кўринади. Биз журналистларимизнинг оғзини ёпиш ҳаракатига қарши курашамиз», — деди у.

Флай «Азаттык» ишончли ахборот манбаси эканини ва унга тўсиқсиз ишлашга рухсат берилиши кераклигини таъкидлади.

31-октябрда «Демирбанк» тижорий банки МХДҚнинг талаби билан «Азаттык»нинг ҳисобини музлатгани маълум бўлган. «Азаттык»нинг ўзидан ҳисобнинг музлатилиши ҳақида банк вакили билан телефон суҳбати орқали билинганини айтишган. Бундан ташқари, нашр банк суднинг қарорисиз банк ҳисобини музлатганини, бу ноқонуний эканини таъкидлашган.

МХДҚ ҳозирча бу маълумотга изоҳ берганича йўқ, фақатгина «Азаттык Медиа»нинг ҳисобига эришишга тўсиқ қўйилгани ҳақида маълумотни аниқлаб кўриш кераклигини айтиб, ёзма шаклда ҳисобото беришни ваъда қилган. Банк ҳисоби музлатилгунга қадар Маданият вазирлиги 26-октябрда «Азаттык»нинг сайтини икки ойга блоклашга қарор қилган.

Бунга мазкур медиада 14-17-сентябрдаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжал ҳақида «миллий манфаатларга қарши келган ноаниқ материал эълон қилгани» сабаб бўлгани айтилган. Сайт «Аниқ бўлмаган (ёлғон) маълумотлардан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонунига кўра блокланган. Мазкур қонун фейклар ҳақидаги қонун сифатида ҳам маълум.

Муассасадан «Ҳозирги вақт» («Настоящее время» «Озодлик» радиосига қарашли тизим) телеканалининг «Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегарасидаги шиддатли тўқнашув» номли видеоматериалида «адоват ҳарактеридаги сўзлар қўлланилган, Қирғизистон томоннинг Тожикистонга ҳужуми деган тарздаги тасдиқланмаган маълумот, Боткен вилоятидаги воқеаларни ёритишда жамоатчилик вазиятини таранглаштириб, фуқароларнинг ўртасида низони,  дискриминацияни ва бўлинишни пайдо қилган маълумотлар аниқланган» деб билдирган.

«Азаттык»нинг ўзидан Маданият вазирлиги айтаётган материлани ўрганиб чиқишганини ва ундан «стандартларнинг бузилгани аниқланмаганини» билдиришган.

Аввалроқ АҚШнинг Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс «АҚШ “Азаттык” сайтининг икки ойга блокланишига, мустақил ахборот воситаларига ҳамда фуқаровий жамиятга босим ортганидан хавотирланаётганини» айтган.

Шунингдек халқаро Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти нашрнинг сайти тўсилишига изоҳ бериб, қирғиз ҳукумати яқиндагина сўз эркинлиги билан фуқаролик жамиятга берилган зарба ортидан ОАВни назорат қилиш ва цензурага олиш бўйича чораларини кучатиш деб билдирган. Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти эса қирғиз ҳукуматини «“Азаттык”нинг сайтига қўйилган тўсиқни тез орада олишни ва сайтни блоклаш қарорини қабул қилишга асос бўлган “Ноаниқ  (ёлғон) ахборот (фейклар ҳақидаги)” қонунни бекор қилишни талаб қилган.