Бюджетдаги тешик. Бекешев Вазирлар Маҳкамаси тежамкорлик режимига ўтаётганини айтди

241

2022 йилнинг охирги икки ойида Вазирлар Маҳкамаси тежамкорлик режимида ишлайди. Бу ҳақда депутат Дастан Бекешев ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Бекешев Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар туфайли давлат бюджетида тешик пайдо бўлганини айтди. Депутатнинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси Боткен вилоятида бошланган барча қурилиш ишларини 2023 йилда тиклашга ваъда берган.

«2022 йилги бюджет бироз ачинарли тарзда тугайди. Охирги икки ойда тежамкорлик режими бўлади, чунки Тожикистон билан келишмовчиликлар туфайли бизда жуда кўп харажатлар пайдо бўлди. У ўз изини жуда кучли қолдирди. Менимча, нафақат бизда, балки Тожикистонда ҳам бюджетда катта йўқотишлар бор. Чунки пул мудофаага, реставрацияга сарфланади», - деди депутат.

Бюджет тақчиллиги

Мамлакат ҳукумати 2022 йил учун бюджет тақчиллигини 9,1 миллиард сом даражасида башорат қилган эди. 31 октябрда Молия вазири ўринбосари Жибек Дуйшеева бюджет тақчиллиги ҳали ҳам 9 миллиард сомни ташкил этишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, йил охирига келиб бунинг кўтарилиш хавфи мавжуд.

Боткенни қайта тиклаш

Вазирлар Маҳкамаси берган маълумотга кўра, Боткен вилоятининг тўқнашувлардан зарар кўрган ҳудудларини тиклаш учун 6-8,5 миллиард сомгача маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Мазкур маблағлар уйлар ва бошқа иншоотларни тиклаш, йўллар қуриш ва жабрланганларга товон тўлаш учун сарфланади.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров 30 октябрда Боткен вилоятига ажратилиши режалаштирилган 6-8 миллиард сомдан 4,1 миллиард сомга яқини давлат органлари ҳисобига тушганини маълум қилган. Қирғизистон-Тожикистон чегарасида кенг кўламли тўқнашув сентябрь ойи ўрталарида содир бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жангларда 63 киши ҳалок бўлган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса 41 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Боткен вилояти чегарасидаги қуролли можародан кейин чегарадаги қишлоқларда юзлаб уйлар ёнган ва вайрон бўлган. 136 мингдан ортиқ одам хавфсиз жойга кўчишга мажбур бўлган.

17 октябрда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 132 минг боткенлик ўз ерига қайтгани ҳақида хабар берган. Баъзи фуқаролар уйлари яшашга яроқсиз бўлгани учун ҳамон қариндошлариникида қолган.

22 сентябрда Президент Садир Жапаров совуқ ҳаво бошланишидан олдин вайрон бўлган турар-жой биноларини имкон қадар тезроқ тиклаш, бутунлай вайрон бўлган бинолар ўрнига янгиларини қуриш бўйича топшириқ берган эди.

Бироқ 19 октябрда Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров қишгача боткенликлар учун уй қуришга улгурмасликларини айтган.