Алимқадир Бейшеналивга қўзғалган жиноят ишлари қисқартирилди

271

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевга нисбатан қўзғатилган барча жиноий ишлар тўхтатилди. «Клооп»нинг журналистига бу  маълумотни унинг адвокати Қайсин Абакиров тасдиқлади.

Адвокатнинг айтишича, жиноят таркиби йўқлиги сабабли жиноят ишлари август ойида ёпилган.

Алимқадир Бейшеналиев Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб турган вақтда, 2 июнь куни ҳибсга олинган эди. Бош прокуратура томонидан мансабдор шахсга нисбатан еттита жиноий иш қўзғатилган эди.

Назорат органининг маълумотига кўра, бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича,  товламачилик моддаси бўйича иккита, пора ундириш фактлари бўйича, тўрттаси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва била туриб фойда келтирмайдиган шартнома тузиш ҳолатлари бўйича қўзғатилган.

Бейшеналиев қўлга олинган куннинг эртасига, 3 июнда, президент Садир Жапаров соғлиқни сақлаш вазирининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича комиссия тузилганини маълум қилган. Давлат раҳбари комиссияни вазирга нисбатан жиноий иши адолатли қўзғатилганми-йўқми «ўзи учун билиб олиш» мақсадида тузганини айтган.

«Мен холис бўлишим керак. Чунки жамоатчиликда "бош прокурор билан вазир иккиси бир-бирига қасдлашиб қолган" деган фикрларни айтишмоқда. Шунинг учун ҳозирча иккисини ҳам бир бир томонлама қоралашдан узоқ бўлиб турсанглар», — деган у.

Ўша вақтдаёқ президент терговга ҳеч ким тўсқинлик қилмасин, комиссия унга материалларни тўплаб беришини таъкидлаган. Бунга қадар Жапаров бир неча бор Бейшеналиевни қўллаб, у «сўзга нўноқ, бироқ ишнинг кўзини билган етакчи» деб сифатлаган. «Шунинг учун этика томонидан камчиликлари бўлса ҳам, кўз юмиб келамиз. Қилган иши халқ учун бўлаётган бўлса бўлди», — деган эди президент апрелнинг охирида.

4-июнда Садир Жапаров Алимқадир Бейшеналиевни тергов тугагунча хизматидан бўшатган.

16-июнда Биринчи май туман суди Бейшеналиевни уй қамоғига чиқарган. 19-августда эса у Чўлпонота шаҳридаги «Алтин балалик» соғлиқни тиклаш марказининг директори бўлиб тайинланган.