23-октябрда «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланган» деган шубҳа билан қўлга олинган фаол Перизат Суранова ТИЗО-1дан хат ёзди.
У халқаро ташкилотлар ва қирғиз халқига мурожаат қилиб, мамлакатда «тартибсизлик ҳукм сураётганини» айтди.
«2021-йилдаги ноқонуний конституциявий ислоҳот натижасида тузилган авторитар тузум сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, ҳавфсизлик ва бошқа бутун жаҳон учун жуда аҳамиятли бўлган демократик қадриятларни бекор қилмоқда. Сиёсий таъқиб, фаоллар ва сиёсатчиларга таҳдид қилиш, оммавий ахборот воситаларига, журналистларга ва блогерларга бўлган таъқиб, бунинг устига мустақил нашрларнинг ёпилиши — мамлакат тараққиётининг барча тармоқларига салбий таъсир кўрсатади», — деди у.
Суранова ҳибсга олинган фаол ва сиёсатчиларга нисбатан «жиноят иши ноқонуний бўлган»ини таъкидлаб, қамоқда «ноқонуний» ҳибсда сақланаётганини «инсон қадриятини таҳқирлаш» деб ҳисоблайди.
Шунингдек судялар «ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини яхши бажармоқда» деган фикрини билдирди.
«Қайта фаолларни, сиёсатчиларни ва блогерларни сохта айбловлар билан оммавий ҳибсга олишди. ИИВ қошидаги Давлат назорат хизматининг терговчиси Актан Ногойбаев ноқонуний иш қўзғаб, уятсиз, сотқин ва “инсонпарвар” суд навбатдаги сиёсий буюртмани яхши бажарди. Бундан ташқари вояга етмаган уч нафар ўғлим, қари касалманд ота-онам борлигини ҳисобга олишмади», — деб норози бўлди у.
Суранова «ҳудудий бирдамликка, чегарага боғлиқ миллий манфаатга ва Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига нисбатан билдирган позицияси уни энг қадрли озодлигидан маҳрум этганини» айтди. Аммо фаол бунга қарамасдан «озод, мустақил ва хавфсиз Қирғизистон учун курашишини» таъкидлади.
Шу билан бирга фаол қамоқдаги шароитлар ночорлигини ёзди. У қайта-қайта илтимос қилиб юриб, бир суткадан кейин чойшаблар берилганини қўшимча қилди.
Суранова мактуби охирида қирғизистонликларни фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиб, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, адолатли ва демократия қадриятлари учун курашишга чақирди.
Фаол ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши
ИИВ 23-октябр тонгида, дам олиш куни, 20дан ортиқ фаол ва сиёсатчиларнинг уйини тинтувга олиб, шундан сўнг қўлга олишган. Уларга нисбатан «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан айб қўйилган.
Бишкекнинг Биринчи Май туман суди 25-октябрга ўтар кечаси уларнинг эҳтиёт чорасини кўриб чиққан. Қўлга олинганларнинг ҳаммаси Бишкекдаги ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган.
Бирлашган демократик ҳаракати 29-ноябр куни ҳибсга олинганларнинг сони 28 нафарга етганини маълум қилди. Биринчи май туман суди томонидан икки ойга қамоққа олинганлар:
- Ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сооронкулова;
- Ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова;
- экс-депутат Асия Сасикбаева;
- сиёсатчи Равшан Жээнбеков;
- сиёсатчи Бектур Асанов;
- сиёсатчи Жениш Молдокматов;
- сиёсатчи Азимбек Бекназаров;
- фаол Эрлан Бекчороев;
- МСК собиқ аъзоси Гулнара Журабаева;
- журналист Айданбек Акматов;
- фаол Айбек Бузурманкулов;
- фаол Перизат Суранова;
- фаол Чингиз Капаров;
- фаол Чинарбек Шабдан уулу (Али Шабдан);
- фаол Таалай Мадеминов;
- МХДҚнинг собиқ раиси Кенешбек Дуйшобаев;
- фаол Нурлан Асанбаев;
- экс-депутат Кубаничбек Кадиров;
- фаол Улукбек Маматаев;
- фаол Атай Бейшенбек;
- фаол Марат Баязов;
- фаол, Ўзганнинг турғуни Акил Айтбаев;
- сиёсатчи Мамбетжунус Абилов;
- экс-депутат Орозайим Нарматова;
- фаол Илгиз Шаменов;
- экс-депутат Канат Исаев — МХДҚнинг ТИЗОсида.
Бирлашган демократик ҳаракати маълумотига кўра, фаол Талан Эшалиев уй қамоғида бўлса, Тилекмат Куронов қидирувга берилди.
Шу билан бирга терговдаги жиноят материалида «Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров ва депутат Исхак Масалиевнинг номи тилга олингани айтилмоқда.