Қирғиз киберспортчиси Dota 2 бўйича жаҳон турнирида иккинчи ўринни эгаллади

277
Team Secret. Сурат / Twitter Dota 2

Dota 2 видео ўйини бўйича Team Secret киберспорт жамоаси таркибида ўйнаган қирғизистонлик Бакит Эмилжанов (Zayac) жаҳон йирик The International 11 турнирининг финалида жамоаси билан иккинчи ўринни эгаллади.

Финалда Team Secret жамоаси Tundra Esports жамоасига мағлуб бўлди. Ғолиблар 8,4 млн доллар мукофот олиб, Team Secret — 2,4 млн доллар совринга эга бўлди.

Киберспорт бўйича йирик миқёсдаги The International турнирининг якунловчи ўйини 30-октябрда Сингапурда ўтди.

Эмилжанов турнир бошланганидан охиригача сахнага қирғиз миллий бош кийими,  оқ қалпоқда чиқди. Киберспортчи қалпоқни бувиси тақдим этганини айтди.

«Миллий дейилган ҳамма нарса куч-қувват беради, Қирғизистонда [турнирни] кўплаб одамлар томоша қилиб, фаҳрланаётганини биламан. Оқ қалпоқ кийиб борсам, мени ҳамма кўриб хис қилишини билганман», — деди у Mrs. Marple YouTube каналига берган интервьюсида.

Эмилжанов The International турнирида иккинчи марта иштирок этмоқда. Биринчи марта киберспортчи ўйинга 2019-йили Natus Vincere жамоасининг таркибида қатнашган, унда жамоат энг яхши дейилган олдинги 8 жамоанинг қаторини тўлдирган.

Эмилжанов Team Secret жамоасида расман 2022-йилнинг июль ойидан бери ўйнаб келмоқда.