Боткенга ёрдам. Япония Қирғизистонга 1 миллион доллар грант ажратади

273

28-октябрда Япония ҳукумати Қирғизистонга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ёрдами ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Қирғизистондаги Япония элчихонасига таяниб, миллий «Кабар» агентлиги ёзди.

Элчихона ёрдами Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можаро туфайли мамлакатдаги гуманитар вазият ёмонлашгани сабабли берилганини таъкидлашди.

«Ушбу ёрдам орқали Япония ҳукумати БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги кўмагида озиқ-овқат, уй-жой ва ноозиқ-овқат товарлари, муҳофаза қилиш соҳаларида гуманитар ёрдам кўрсатади»,  — дейилади хабарда.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини босқинчилик ва ҳарбий ҳужумда айблади. Тожикистон томони эса «эскалация» да Қирғизистонни айблади.

Можарода Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлган – унинг ичида 48 нафари ҳарбийлар, 15 нафари маҳаллий аҳоли. 206 нафар одам турли жароҳатлар олди – уларнинг 145 нафари аскарлар, 60 нафари тинч аҳоли.

Қуролли тўқнашувда 140 минга яқин одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Низо оқибатиди жами 661 уй вайрон бўлган.

Қирғизистонга келтирилган моддий зарар миқдори 3 миллиард 130 миллион сом деб баҳоланди.

Президент Боткендаги уйларни совуқ тушгунга қадар битириб бериш вазифасини берган. Ҳозирда аҳолининг баъзилари уйларига қайтмади, қолганлари чодирларда ва контейнерларда яшамоқда.