Бишкекда етти миллионинчи қирғизистонлик билан кетма- кет туғилган Хамзага президент номидан 200 минг сом суюнчи берилди. Бу ҳақда шаҳар мэриясининг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, чақалоқ 19-октябрда соат 2:25да туғилган. Қирғизистоннинг етти миллионинчи фуқароси эса соат 02:10да Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида дунёга келган.
Миллий статистика қўмитасидан етти миллионинчи бола туғилганидан кейин бошқа вилоятларда ҳам саккиз нафар чақалоқ дунёга келганини таъкидлашди.
Аввалроқ президент Садир Жапаров етти миллионинчи гўдакнинг исмини Жакшилик деб қўйишни таклиф қилиб, унга атаб бир миллион сомлик депозит ҳисоб очишни топширган.
Қирғизистонда 6 миллионинчи фуқаро Айлин Кожошева 2015-йили 25-ноябрда Ўш шаҳрида туғилган. Мамлакатда аҳоли сони етти йилда бир миллионга кўпайди.
Беш миллионинчи фуқаро Курамаев Тинчтикбек 2002-йилнинг 27-августида, тўрт миллионинчи фуқаро Каникей Кайипова 1985-йилнинг 27-майида Ўш вилоятининг Қорасув туманида туғилган.