Янги чегара қаердан ўтади? Кампиробод бўйлаб кезиб, маҳрум бўладиган жойларни харитага туширдик

323
Ўзбекистоннинг янги чегарасини кесиб ўтиши мумкин бўлган 900-горизонтал чизиқ қизил ранг билан белгиланган. Қирғизистонликларнинг экин ерлари сарғиш. Харита: Google Maps, «Клооп»

Куз ичи қирғиз жамоатчилигида Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга берилиши мумкинлиги ҳақидаги махфий келишув атрофида шов-шув бўлмоқда. Бироқ, янги чегара чизиғи қаердан ўтишини ҳозирча ҳеч ким билмайди: тез орада қўшни давлат президенти иш сафари билан ташриф буюриши кутилаётган бўлса-да, ҳужжатлар ҳали ҳам эълон қилинганича йўқ.

«Клооп»нинг журналистлари сув омборига келиб қуйилувчи уч дарёнинг ирмоқларини кўздан кечириб, қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашиб,  топографик маълумотлар асосида тахминий харита ишлаб чиқди. Унга кўра, қирғиз халқи жуда кўп унумдор ерлардан айрилиши мумкин.

Тақираган тоғ, намли водий

Ўзган туманидаги Қизил-Октябрь қишлоғи барча шароитларга эга,  ривожланган қишлоққа ўхшайди: обод уйлар, йўлаклар, ёруғ кўчалар, йўл бўйлабхизмат кўрсатган фуқароларнинг портретлари осилиб турибди. Бироқ, Аваз Шадманов кўчасидан бурилиши биланоқ чанг-тўзон кўтарилиб, ҳайдовчилардан чанг чиқармасдан секинроқ ҳаракатланишни сўрашади.

Фарғона водийси ҳосилдор ва баракали, деб бежизга айтилмаган. Бироқ, минтақа бутунлай бир хил деб айтиш мумкин эмас. Кампиробод сув омбори атрофидаги кўм-кўк адирларнинг олд томони — тошлоқ дала.

Сурат: «Клооп»
Сурат: «Клооп»

Бундан 60 йил аввал маҳаллий деҳқонларнинг аждодлари бу ердан пастда, Хонободга олиб борувчи йўл бўйида яшаган. У ерда тупроқ яхшироқ эди. Бироқ ўтган асрнинг 60-йиллари охирида Ўзбекистон учун қурилган янги ҳовуз суви тўртта қишлоқни босди, аҳоли мажбур бўлиб, тепаликка кўчган. Ҳаётни янгидан бошлашга тўғри келган. Ҳозир Қизил-Октябрь қишлоғида беш мингга яқин аҳоли истиқомат қилади - бу икки мингга яқин хонадон.

« Қишлоқ ҳукумати балансида 240 гектар экин майдони бўлиб, уни ким ошди савдоси орқали ижарага олиб фойдаланиб келамиз, – дейди Қизил-Октябрь қишлоғида яшовчи Омурбек Чолпонов. – Бундан ташқари, бир хонадонда 5 сотихдан 30 сотихгача ерлари бор. Бизга сув канал орқали юқори қисмдан, Қўчқор-ота сув омборидан келади. Суғориш учун гектарига минг сомдан берамиз».

«Аммо бу унчалик яхши ер эмас, —деб тушунтиради яна бир қишлоқ яшовчиси, Асилбек Эгемулов. - Кўпинча олма билан ўрикка мос келади, шунда ҳам ҳосил об-ҳавога боғлиқ. Нафақат бу, балки сувни ҳам чеклаб беришади. Масалан, биз оиламизда етти кишимиз, 40 сотихга яқин еримиз бор. Маккажўхори экамиз, лекин ҳосил етарсиз. Бир йил яхши яшаш учун  камида бир гектар керак: арпа, маккажўхори экиш учун».

Сурат: «Клооп»

Шу боис, ўнлаб йиллар давомида Чолпонов, Эгемуловлар ва бошқа маҳаллий фермерларнинг оилалари сув омборидан умидвор эдилар. Аниқроғи, Қуршоб дарёси оқиб ўтадиган текисликка. Баҳорда тоғларда қор эриши билан Кампиробод ирмоқларини сув босади. Ёз ва кузда эса Ўзбекистоннинг экин майдонларида суғориш бошланганда сув чекиниб, унумдор қора тупроқни яланғочлайди.

У ерга экилган нарса анча яхши ўсади — ҳатто октябрь ойи ўрталарида ҳам ёнбағирларида майсалар ҳамон кўкариб туради. Бу ерни суғориш учун пул тўлашингиз шарт эмас: озгина қазсангиз, сув чиқади. Бунинг учун ҳатто ижара ҳақи ҳам олишмайди. Бироқ, сув босса меҳнат далага кетади, шунинг учун биз хавф остида экин экишга тўғри келади.

Сурат: «Клооп»

«Баъзи йилларда сув келмайди, туби очилиб қолади, биз буни яйлов сифатида фойдаланамиз, — дейди Чолпонов. – Бу ерда мол боқамиз, гоҳ ўт ўрамиз, гоҳ нимадир экиб, ҳосил оламиз. Айрим йилларда экинларни сув босади, ҳаммасидан маҳрум бўламиз. Қандай бўлмасин [еримиз борлигидан] миннатдормиз».

«Ҳа, бу ерда деҳқончилик қилиш хавфли, бу йил сув шу ерга етиб келди, қора чизиқни кўряпсизми? – деб кўрсатди Қизил-Октябрь қишлоқ ҳукумати депутати Бектур Топчубаев. – Лекин бизнинг қишлоқдагилар бўлмасдан арпа экишибди: бу ерда 50 гектар, у ерда 60 гектар. Бу ерда эса буғдой билан маккажўхори экишди. Сабзи, картошкаси ҳам бор. Ёнида, кўрдингларми, чорва учун яйлов».

Сурат: «Клооп»

Аммо маҳаллий аҳоли учун асосий бойлик — Марказий Осиёнинг энг яхши оши Ўзганнинг «девзира» қизил гуручидир. Уни бутун Фарғона водийси бўйлаб ўстирилади, лекин Ўзганнинг тупроқ билан иқлими унга ўзига хос таъм беради. Шоли майдонларининг аксарияти Кампиробод сув омбори атрофида – Қизил-Октябрь, Қарўл, Мирза-Ариқ ва Ана-Қизилдан бошланадиган етти қишлоқда жойлашган.

Айни пайтда зарур бўлса, Жанубий Кореяда юқори баҳоланган ўзган гуручи — маҳаллий аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Агар давлат фермерларга тозалаш ва қадоқлаш ускуналари билан ёрдам берса, бу Қирғизистоннинг ташриф қоғози бўларди. Аммо энди расмийлар Кампирободнинг баҳорда сув босадиган, кейин чекинадиган унумдор ерларининг бир қисмини Ўзбекистонга бериши мумкин. Кўриб турганимиздек, сув омбори билан бирга шолизорлар ҳам бирга кетадигандай.

Сувни олинглар, ерга тегманглар

Биз Бектур Топчубаев билан Қизил-Октябрь қишлоғининг чеккасидамиз. Орқамизда қишлоқнинг том-тоши, икки метр пастда - кўрфаз. Депутат денгиз сатҳидан 900 метрлик чизиқ қаердан ўтишини аниқлаш учун маҳаллий аҳоли томонидан ижарага олинган геодезия қурилмасини кўрсатмоқда. Қирғизистон расмийларига кўра, ўша «горизонтал 900» орқали чегара чизиғи ўтади. Шу даражагача Ўзбекистон сув омборини тўлдириши мумкин.

Президент Садир Жапаров билан МХДҚ раиси Камчибек Ташиев 900 деган белги — Қирғизистон учун ғалаба, деб ишонтирмоқда. Айни дамда тўғон сув ҳавзасини 906 метргача тўлдириш имконини беради, агар Ўзбекистон билан чегарани шу чизиқ билан ўтказадиган бўлса деҳқончилик билан шуғулланган қирғизларга ҳосилдор ерлар умуман қолмайди.   Аммо Кампирободга бундай даражагача камдан-кам сув тўлади  дейди Топчубоев. Одатда сув 900 метрдан пастроқда тўлиб, ерни қайта ишлатишга имконият бўлади.

Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли сув омборини беришдан ҳеч қандай фойда кўрмаяпти, фақат зарар келтиради, дейди. «Биз  Кампирободнинг сувидан эмас, унинг ерларидан фойдаланамиз – дейди Омурбек Чолпонов. —Биз учун ҳамма нарса аввалгидек қолиши фойдалидир».

Лекин расмийлар халқнинг гапига қулоқ солмаяпти. «Чегара қаердан ўтишини ҳеч ким тушунмаяпти. Масалан, бу жамоатчилик муҳокамасига киритилмади. Маҳаллий кенгаш ҳам билмайди, — деб хавотирга тушди Бектур. — Комиссия келди, ҳа, лекин маҳаллий аҳолидан ҳеч ким розилик бермади. «Комиссия ишлайверсин, ўз ишини қилаверсин» деган буйруқ ҳам  давлат томондан. Қонунга кўра шу маҳаллий аҳоли  ҳал қилиши керакда бу ерни [бериш ёки бермаслик].

Сурат: «Клооп»

Қизил-Октябрь қишлоғи четидан 900-горизонтални чизиқдан ўтказиш учун қозиқлар ҳам қоқилди. Қозиқлар экин майдонларидан анча баландда жойлашгани боис анави турган дарахтларгача бўлган ер Ўзбекистонга ўтиб кетади деб кўрсатди депутат. Олға қишлоғидаги бир нечта уйлар ўша ҳудудга киритилади.

Ўзбекистоннинг чегара ўралмайди, деган ваъдасига маҳаллий аҳоли ишонмайди. «Булар одамларини, қишлоғини олиб келади,— деб таҳмин қилди Топчубаев. — Қишлоқ четидан. Муқаррар равишда келишмовчиликлар бўлади. Бир кун келиб бу ерга ўзбекларнинг участкалари келади. Биз бундан хавотирдамиз. Ер берилмоқда. Бу ерда мана оқсоқоллар, боболаримиз яшаган қишлоқлар бўлган. Жасадлари ҳам ўша ерда қолган. Агар [Кампиробад] берилса, биз иккинчи Боткенга айланамиз. Шунинг учун ҳам халқимиз бунга қарши, фақат чегара, Кампиробод бузилмасин, аввалгидек қолсин деган талаб [бўлмоқда]».

Бу шиорни — сувни олинг, ерга тегманглар деган лозунгни биз бундан кейин ҳам, [Ўзганда ўтган] қурултойда ҳам, кейин бошқа қишлоқларда ҳам кўп марта эшитдик. Бироқ ҳукумат ер масаласи йўқдек фақат «сув омборидан биргаликда фойдаланиш» ҳақида гапириб туриб олди.

«Агар эртага президент ўзгариб кетса-чи?»

Ўзганга яқин, Қорадарёнинг ирмоғидаги Кампиробод қўшниларга берилиб кетаётганини ҳеч ким эшитмаганга ўхшайди. Шолизордаги деҳқон бунга жавобан елка қисиб қўяди. Яна бир чавандоз бизнинг саволимизга эътибор бермай, от билан канал томон чопиб кетди. Йўл-йўлакай ҳавога чанг-тўзон тарқатган пичан ортилган «Портер» ўтиб кетди, кабина ичидагилар ҳеч нарсани эшитмабди. Қишлоқдаги дўкон эшигида қишлоқ хўжалиги учун 23%ли имтиёзли кредит ҳақидаги эълон осилган – бундай шароитда капитал жалб этиш ва ривожланиш ҳақида гапириш қийин.

Мирза-Ариқ қишлоғининг 50 ёшли яшовчиси Жиргалбек Коконов Кампиробод ҳақида билади. Унинг оиласи ҳам аввал шоли етиштирган, Коконов сув омборининг қўшни давлатга ўтказилишига қарши. Лекин бу борада чора кўришга эътироз йўқ. «Бу ернинг ери яхши, ер кўп, — дейди у. Сув сатҳи 1000 метрга кўтарилса ҳам ҳаммасини қоплаб кетмайди».

Сурат: «Клооп»

Балки бу ер ҳақиқатан ҳам қизғонадиган ер эмасдир? Аммо гап бошқада: маҳаллий кенгаш депутатлари фермерларга сув омбори ҳақида айтмаган, лекин  ўзлари сув омборини Ўзбекистонга беришга рози бўлиб овоз беришган экан.

Қарўл қишлоқ кенгаши депутати Нурбек Бегматов ҳамкасбларининг қилмишидан уялаётганини айтди. «Бошқа қишлоқ маъмуриятлари қандайлигини билмайман, лекин бизникилар аҳолига зарар етказаётганга ўхшайди, – дейди у. – Халққа батафсил маълумот бериш керак, иложи бўлса, ҳар ой ҳар бир хонадонга ташриф буюриш керак. Халқимизнинг аксарияти бунга қандай муносабатда бўлишини билиш муҳимдир. Бу Қирғизистоннинг келажаги, халқ бу муаммони ҳал қилиши керак».

Нурбек билан бирга биз кетаётган Қорадарёнинг оғзида қамишзор қопланиб турибди. Бу ерда сув май ойида ҳам сақланиб қолади, шунинг учун унинг атрофидаги қишлоқлар - Мирза-Ариқ, Қораўл, Ўрта-Ариқ, Шерали— аҳолиси фақат шоли етиштиришади. Бундан ташқари, улар қўй ва отларни боқадилар, қамишзорларда балиқ  ҳам тутадилар.

Сурат: «Клооп»

Ўзбекистон билан чегара Абдраҳмонкўл деган жойдан бошланиши мумкин деб кўрсатди маҳаллий депутат. Қишлоқ бу ердан анча узоқда, «900-зона» билан солиштирганда шолизорнинг озгина қисмига кириш мумкин. Лекин Нурбек хавотирда.

«Бизни 900-горизонтал блокланмайди деб ишонтиришмоқда, лекин эртага Ўзбекистон президенти ўзгарса-чи? Унда унинг  чегарани тўсиб қўйишга тўлиқ ҳуқуқли бўлиб қолади. Бу эса чорвадорларимиз ва аҳолимизга зарар етказади» — дейди у.

«Мутахассислар келди, уларга ишондик

Кампирободга туташадиган учта дарёдан бири Жази, Ана-Қизил ва Кенеш қишлоқлари орасидаги кўприк туфайли каттароқ кўринади. Бир пайтлар у ердан жонли Ўзган йўли ўтган бўлса, ҳозир у ердан чорва моллари ўтади. Кўприк остида маҳаллий амакилар мазали — маринка балиқларини тутишади. Маринка кичкина форелга ўхшайди ва Жапаров билан Ташиев ваъдаларидай мазали. Бироқ, қорнидаги қора плёнка олиб ташланмаса, одам заҳарланиши мумкинлигини айтишади.

Жази қишлоғи. Сурат: «Клооп»

Бу кўприк, бу ердаги асосий йўналишлар — Ўш-Бишкек йўли ва электр симлари. Маҳаллий турғунларнинг айтишича, 1983-йили, сув омбори 900 метрдан ошиб тўлганда, сув кўприкнинг тўсиқлари устига чиққан. Қишлоқнинг ташқарисидаги стратегик йўл янги давлат чегарасига ўта яқин бўлиб қолади. Электр симларининг остидан эса икки йил аввал ўзбек чегарачиларини кўришган, улар кимларгадир «бу ер бизники бўлади» деганини айтиб беришди. Бу гапда ҳақиқат бордек: чунки биз спутник харитасига 900-горизонталга контурни қўйиб кўрганда у электр сими ўтган ер билан тўғри келади.

Жази қишлоғи. Сурат: «Клооп»

Ана-Қизилда ўзбек чегарачилари хаёлот шарпадек бўлиб қолган. Ҳатто Бостон қишлоғи томондаги дренаж канали бўйлаб кетаётганларини ҳам кўришган. Бу Кампирободдан бир қанча узоқда. Уларни ким киритганини маҳаллий аҳоли билмайди, бироқ расмийлар сув омборини яширин тарзда ўтказишга аввалдан ҳозирлик кўришган деган хулосага келишган.

Бу Ана-Қизилга Қизил-Октябрдан кам бўлмаган муаммо келтиради - қишлоқ ҳаёти ўзган гуручи билан тарихан боғлиқ. Канал қирғоқларида хирмонлар бўлиб, шоли эски усулда тозаланади ва қуритилади. Бундай қимматбаҳо донли қоплар ҳар бир уйда мавжуд. Ҳозирда бир килограмми 150 сомдан. Агар Ўзбекистон экин майдонларидан фойдаланишни тақиқласа, кўпчилик фермерлар иш излаб кўчишга мажбур бўлади, дейди деҳқонлар.

Сурат: «Клооп»

900 горизонтал харитага асосланиб, Ана-Қизил шоли далаларининг катта қисмидан ажраб қолади. Биз билан суҳбатлашган фермерларнинг деярли барчаси Кампиробод сув омборини беришга қарши. Бироқ, Қизил-Октябр ва Қарўл аҳолисидан фарқли ўлароқ, улар бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқишади – қишлоқ кенгаши бир овоздан маъқуллаб овоз берган.

«Ҳукумат бу йил сув сатҳи 900 метрга кўтарилиб, биз шоли эккан жойларга етиб бормаганини айтди. Ер масаласи бўйича мутахассислар келиб, бизга ҳужжатларни тушунтириб беришди. Биз уларга ишондик», — деди исми сир қолишини сўраган маҳаллий депутатлардан бири. Ҳамкасблари билан 900-горизонтал қаердан ўтишини мустақил равишда ҳам текширишмади.

Сурат: «Клооп»

Нима бўлган тақдирда ҳам, Кампиробод масаласи кўпчиликни ташвишга солмоқда. Ҳозирда Қизил-Октябр қишлоқ депутати Бектур Топчубаевнинг айтишича, бир қишлоқ ҳукуматида 17 минг аҳоли истиқомат қилади. Сув омбори атрофида бешта қишлоқ ҳукумати мавжуд.

«Бизнинг қишлоғимиз аҳолиси Ўзганда (Садир Жапаров билан) учрашувга боришди, —дейди у. — Бироқ, ҳеч ким ҳеч қандай қониқарли савол бера олмади. У ерда 300 киши бўлса, қишлоғимиздан бор-йўғи 20 киши киритилди. Энди 300 киши билан 20 кишини солиштиринг, овози қанчалик тингланади? Ҳозир кўпчилиги тушунмаса, бир кун келиб тушунади. [Кампирободни Ўзбекистонга берганлар] жавоб берадилар».

Ўзбекистоннинг янги чегараси қандай ўтади - харита

Қирғизистон президенти билан ҳукумати имзолашга шошаётган давлат чегараси бўйича Ўзбекистон билан келишув лойиҳаси ҳозиргача эълон қилинмаган. Аммо Ўзбекистонга бошқа туманлардаги  ерлар ўрнига Кампиробод ҳавзаси ўтаётгани, сув омбори атрофидаги янги чегара эса «900-горизонтал контур» бўйлаб ўтиши маълум. Бу— топографик харитада ернинг релефини денгиз сатҳидан 900 метр баландликда ўраб турган изочизиқ.

Янги чегаранинг визуал тасвирини олиш учун биз Кампиробод сув омбори харитасидаги горизонтални белгилаб олдик. Кейин қуйидаги карта пайдо бўлди.

Эслатма: Ушбу харитадаги чегара чизиқлари профессионал картографик тадқиқот натижаси эмас ва юз фоиз аниқ бўлмаслиги мумкин. «Клооп» таҳририяти Ўзбекистон билан келишувга тайёргарлик кўриш чоғида Қирғизистон расмийлари шундай тадқиқот олиб борган ва ўзлари тузган харитани  мамлакат аҳолиси билан баҳам кўришига умид қилмоқда.

Топографик харитада 900-горизонтал қизил билан белгиланди. Ҳозирги давлат чегараси сиёҳ рангли чизиқ билан белгиланган. OpenStreetMap

Спутник харитасига кўчирилган 900-горизонталь. Google Maps

Учта дарё  Қуршобнинг (чапда), Қорадарё (ўртада) ва Жази (юқоридан ўнгда) ирмоқларидаги далаларга туширилган 900-горизонтал. Маҳаллий аҳолининг яқин атрофдаги далалари сариқ ранг билан белгиланган. Google Earth

Қизил Октябрь, Олға ва Правда қишлоқларидаги Қуршоб  кўрфазидаги Ўзбекистоннинг таҳминий чегараси. Google Earth 3D

Ана-Қизил ва Кенеш қишлоқларидаги Жази кўрфазидаги Ўзбекистоннинг келажакдаги тахминий чегараси Google Earth 3D