26-октябрда Кампиробод мудофаа қўмитасининг аъзоси Мамбетжунус Абиловга нисбатан жиноий иш очилган. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова хабар берди.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, унинг уйида ҳам тинтув ўтказилган. Бу ҳақда Абиловнинг рафиқаси билдирган.
«Унинг уйида икки терговчи ва бир гуруҳ тезкор ходимлар тинтув ўтказди. Суратга олишга рухсат беришмади, жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарорнинг нусхасини ҳам беришмади, тинтув протоколини қолдиришди, иккита дискни олиб кетишди», — деди унинг рафиқаси.
Айни пайтда Абиловга нисбатан милиция қайси модда билан жиноий иш қўзғатгани номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ қўмитанинг бошқа аъзолари оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланган эди.
Мамбетжунус Абилов Қирғизистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси. У илгари ҳибсга олинган ҳуқуқ фаоллари Рита Карасартова ва Клара Сооронқуловалар сингари Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитасининг аъзоси. Карасартова ва Сооронқулова суд қарори билан икки ой муддатга Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирилган.
Абилов 25-октябрда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзга чиқиб, қўмита аъзоларида ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсади йўқлигини айтган.
«Қўмитада ҳокимиятни босиб олиш, тартибсизликлар уюштириш ва бошқа чақириқлар бўлмаган. [Йиғилишда] Ўзган вилоятида ўтказилган қурултой якунлари бўйича қабул қилинган қарор муҳокама қилинди. Қурултой қарорига кўра, мен мудофаа қўмитасини тузиш таклифини киритдим. [Азимбек] Бекназаров умумий қурултой ўтказишни таклиф қилди. Яна бир таклиф бор эди - бу масала бўйича мораторий жорий этиш ва музокараларни тўхтатиш тўғрисида президентга хат ёзиш», - деди Абилов.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказиш ва уларни ҳибсга олиш 23-октябр куни юз берди. Ички ишлар вазирлиги 20 нафардан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганлик»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.
Омбудсман институти раҳбари Атир Абдрахматованинг айтишича, тинтувлар давомида милиция бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган: масалан, қўлга олинганларни қўрқитиб, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олган ва уларни повесткасиз терговга чақирган.
Кейинроқ суд 21 нафар маҳбусни Бишкекдаги 1-СИЗОга жойлаштирди.
Суд фаол Талант Эшалиевни соғлиғи сабабли уй қамоғига чиқарган. Маълум қилинишича, у судга инфарктгача бўлган ҳолатда олиб келинган, сўнгра касал бўлиб қолгани сабабли қайтиб шифохонага олиб кетилган.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган.
Йигирмадан ортиқ фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши аллақачон бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ҳам Қирғизистон ҳукуматини барча маҳбуслар устидан адолатли суд жараёнини таъминлашга чақирди.