Президент Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига интервью бериб, бир қатор мухолифатчи сиёсатчилар билан фуқаролик фаолларининг ҳибсга олиниши ҳақида гапирди. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзолари бўлиб, улар иншоотнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан. ИИВ улар «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қўлга олинганини билдирган.
Жапаров Кампиробод масаласида аввалроқ сиёсатчилар ва фаоллар билан учрашгани, аммо натижа бўлмаганини билдирди.
Президентнинг сўзларига кўра, у «Бутун Қирғизистон» мухолифат фракцияси раҳбари Адахан Мадумаров билан бир неча бор учрашган, сув омбори ҳақида ҳамма нарсани тушунтирган. Жапаров ўзганликлар билан учрашганини эслатди — бир марта Бишкекдаги Ҳукумат уйида учрашган. Ўшанда учрашув беш соатдан ортиқ давом этган.
«Қисқаси мендан ўтмади. Ҳамма билан мулоқот қиляпман. [...] Гўё тушунгандек бўлади, аммо кейин чиқиб, давом этаётган ишларни сохталаштиришга киришади», — дейди у.
Президентнинг сўзларига кўра, қўлга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди». Сув омбори масаласини, президентнинг фикрича, ҳокимиятни қўлга киритиш учун баҳона қилмоқда.
«Ҳибсга олинганларнинг аксарияти билан яккама-якка мулоқот қилдим. Ҳамма хизмат сўрайди. Давлат хизмати чўзадигандек резина эмасда. Ҳаммасига [хизмат] етмас экан», — деди Жапаров.
У «бефойда вазирликлар»ни очмасин, чунки бу «бефойда» бўлишини қўшимча қилди.
«Ҳокимиятда бўлганимда, ҳар бир қилган ишимни 10 йилдан кейинми, 100 йилдан кейинми, халқ қадрига етадиган тарзда қиламан. Кампиробод ва чегара масалаларида ҳам шундай бўлади, насиб қилса. Вақт керак. Кўпчилик халқнинг ишончи бўлса бўлди. Қолганини менга қолдиринг», —деб илтимос қилди президент.
У ҳуқуқ-тартибот идоралари ишига аралашишга ҳаққи йўқлигини, қўлга олинганлар юзасидан қарорни суд чиқаришини таъкидлади.
«Якуний қарорни суд чиқаради. Шундан кейингина менга мурожаат қилишса, кечириб қамоқдан чиқариш ҳуқуқига эга бўламан. Қонуний йўл шу», — дея якунлади ўз сўзларини президент.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши
Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бераётгани учун ҳукуматни танқид қилган фаоллар ва сиёсатчилар 23 октябрь куни уйларида тинтув қилиниб, ҳибсга олинди. 25 октябрга кўра камида 22 киши ҳибсга олингани аниқ бўлди
Ҳибсга олингандан сўнг, милиция уларни ҳимоя чораси кўрилгунга қадар 48 соатга вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирди.
Ҳақиқатчи институти раҳбари Атир Абдраҳматова тинтув давомида милиция ходимлари бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйганлигини, хусусан, қўлга олинганларга таҳдид қилиш, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олишган, сўроққа чақирув қоғозисиз чақиришганини қайд этишган.
ИИВдан эса Жиноят кодексининг «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Маҳкама маълумотларига кўра, тергов давомида «айрим шахсларнинг оммавий тартибсизликлар уюштиришга, кейин эса ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларига алоқадорлиги тўғрисида далиллар олинди».
Тинтув ва ҳибсга олинишни парламент депутатлари Исхак Масалиев, Тазабек Икрамов, Дастан Бекешев ва Жанар Акаев ҳам танқид қилди.
Икрамов ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари демократиянинг асосий қадриятларига зид эканини таъкидласа, Масалиев эса фуқаролардан тартибсизликни тўхтатишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
«Эртага фикримизни билдирамиз десангиз, сизларга ҳам етиб келади», — деб ёзган у.
Бекешев фаоллар билан сиёсатчиларга қарши жиноят ишларини «бўлмаган нарса» деб атади ва Қирғизистон «авторитаризмга бориб қолган»ини қўшимча қилди. Акаев эса фаоллар билан сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблайди. У Конституцияга кўра, ҳар бир Қирғизистон фуқароси ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.
24-октябрь куни Бишкек ва Ўш шаҳарларида сиёсий таъқиблар ва Кампиробод сув омборини берилишига қарши митинглар бўлиб ўтди. Ўзган ва Жалолободда эса президент Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди.