Боткендаги чегарадаги можарода ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинларига 1,2 миллион сомдан компенсация ва хонадонлар берилади. Бу ҳақда президент Садир Жапаров 20 октябрь куни фуқаролик фаоллари ва чегарага яқин қишлоқлардан келган вакиллар билан ўтган ёпиқ йиғилишда маълум қилди.
Шунингдек мамлакат раҳбари, «жароҳатланган аскарларга 100-200 минг сомдан товон пули берилади» деб ваъда берди.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият кескинлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини «босқинчилик ва ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация» да Қирғизистонни айблади.
Тўқнашувда Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлган – улардан 48 нафари ҳарбий хизматчилар, 15 нафари маҳаллий аҳоли бўлган. 206 киши эса турли тан жароҳатлари олди - улардан 145 нафари ҳарбийлар, 60 нафари тинч аҳоли вакиллари.
Қуролли тўқнашувлар давомида 140 мингга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Можаро натижасида жами 661 та уй зарар кўрган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.
Президент Боткендаги уйларни совуқ тушгунга қадар битириб бериш вазифасини берган. Айни пайтда аҳолининг бир қисми уйларига қайтмаган, қолганлари эса чодир ва контейнерларда яшамоқда.
Муаллиф: Рустам Турсунбеков