Байсалов қирғиз-ўзбек келишуви ҳақида: «Имзолашни тўхтатишга йўл қўймаймиз”

237

Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартованинг Ўзбекистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича жонли эфирда муҳокама қилиш учун президент билан учрашув ўтказиш ҳақидаги илтимосига муносабат билдирди.

«Ҳукумат уйига келиб, йиғилишни жонли эфирда кўришни истаймиз деб талаб қилайлик. Бўлмаса, Ташиевнинг ҳаракатларини кўрдик, Байсаловнинг риторикасини кўрдик», — деб ёзган Карасартова Фейсбук саҳифасида.

Эдил Байсалов бунга жавобан фаолни «давлат аҳамиятига молик масала ечимини митингчилар майдонига айлантирмасликка» чақирди.

«Маълумот керак бўлса, [йиғилишга] келинг. Агар исталган, энг қийин саволни бериб, унга шундай тўғридан-тўғри, очиқ жавоб олишни истасангиз — келинг. Агар, хайп, жанжал ва провокация  керак бўлса, келмай қўявеганингиз яхши. Биз фақат жонли эфир ташкил қилмоқчи бўлганингиз учунгина мамлакатларимиз ўртасида муҳим келишувнинг имзоланишини тўхтатиб қўйишга йўл қўймаймиз», — деб жавоб ёзди Байсалов Фейсбук саҳифасида.

Байсалов йиғилиш иштирокчиларига маълумотлар тақдим этилиши, барча саволларга жавоб берилишини айтиб, ишонтирди.

«Яна бир бор такрорлайман. Раҳбарият ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Атайин. Чунки митингларда ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар ёлғон ва нотўғри бўлгани учун. Келинг, маълумот олинг. Фикрингизни ушбу маълумотлар асосида  шакллантиринг. Қайтадан қаршилик қилиш давом этса, хафагарчилик бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда, ҳаракат қилдик, тушунтиришга деймиз», — деб ёзди Байсалов.

Бугун, 20-октябрь куни Ҳукумат уйида Кампиробод бўйича фаоллар билан ҳукумат вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтмоқда. Уни президент маъмурияти ташкил қилган.

Учрашув ёпиқ ўтмоқда, иштирокчилар рўйхат асосида киритилмоқда. Журналистларга аудио ва видео ёзиб олиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланиб қолди. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170си ёки 85%и аниқланган.

Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи протоколни имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг раҳбари, МХДҚ  раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сув омборидан ҳар икки давлат  тенг 50/50 фойдаланади деб ишонтирди.

МХДҚ  раисининг сўзларига кўра, унинг ўрнига чегарадош туманлардаги  бир нечта баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтади.

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига  қарши чиқмоқда. Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида фуқаролар 15 октябрь куни халқ қурултойи ўтказиб, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этган.

Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.