Собиқ таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев уй қамоғига чиқарилди. Бу ҳақда ИИВнинг матбуот хизмати хабар берди.
Бошқармадан айтилишича, тергов давомида Бейшеналиев пора тариқасида олган пулнинг қолган қисми – 62 500 долларни ўз ихтиёри билан тўлаб берган.
«Бейшеналиев бошқа ҳолатлар ҳам инобатга олиниб, озодликка чиқарилди: у сурункали касалликларга чалинган, қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор, доимий яшаш жойи бор ва жиноят ишини тергов қилишга тўсқинлик қилмайди», — дейилади ИИВ хабарида.
Алмазбек Бейшеналиев 28 сентябрда пора олишда гумонланиб қўлга олинган эди. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, у чет эллик талабаларни Қирғизистондаги олий ўқув юртларига ўқишга киритиш бўйича қарорлар тайёрлаш учун 110 минг доллар талаб қилишда гумон қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, Бейшеналиев ҳали вазир лавозимида бўлган вақтида биринчи 100 минг долларни 2022 йилнинг 28 августида олган. Бироқ, рўйхатга олиш масаласи ҳал этилмаган, шунинг учун улар қайта унга мурожаат қилишган. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, ўшанда у гўёки қўшимча 10 минг доллар талаб қилган. Ушбу суммани олган вақтда у қўлга олинган.
«Тергов давомида у аввал пора тариқасида олган 37,5 минг долларни қайтариб берди. Қолган суммани яқин вақт ичида қайтаришга ваъда берди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Бишкекнинг Биринчи май туман суди 30-сентябрда Бейшеналиевни 2022 йилнинг 28 ноябригача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасига киритган.
Суд йиғини олдидан Бейшеналиев журналистларнинг саволларига жавоб бериб, пулларни унга хорижликлар бергани ва бу маблағлар сармоявий лойиҳа учун мўлжалланганлигини айтган.
Президент Садир Жапаров 3 октябрь куни Алмазбек Бейшеналиевни Таълим ва фан вазири лавозимидан озод этиб, унинг ўрнига Уланбек Мамбетақуновни тайинлаган.