Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси Ўзбекистон билан чегарани делимитация ва демаркациялаш бўйича келишувнинг лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда журналистларга қўмитанинг етакчиси Чингиз Айдарбеков билдирди.
«Депутатларнинг фикрлари иккига бўлинди — олти рози, тўрт қарши овоз беришди. Мен бу масала бўйича ўзимнинг фикримни билдирдим. Мен қоғозни ўз кўзим билан кўрмагунча рози бўла олмаслигимни айтдим. Шу сабабдан қарши овоз берди», — деди Айдарбеков.
«АКИпресс» ахборот агентлиги президентнинг парламентдаги ва вазирлар маҳкамасидаги вакили Алмас Абитовга таяниб, қўмитанинг аъзолари икки карра овоз беришганини ёзди.
Йиғин президент Садир Жапаровнинг «қирғиз-ўзбек чегараси масаласи бўйича муҳокама очиқ ўтсин» деган топшириғига қарамай ёпиқ эшик ортида ўтди.
МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев йиғинда икки давлат чегара бўйича қандай келишувларга эришганини айтиб берди. Шунингдек, Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга қолганини билдирди. Айни вақтда, у сув омборини икки мамлакат баробар 50ка 50 фойдаланади деб ишонтирди.
Қўмитанинг йиғини вақтида Ўзганда ҳам, Бишкекда ҳам норозилик митинглари ўтди. Ўзган туманидани норози аҳоли агар сув омбори Ўзбекистонга ўтадиган бўлса «жиддий чораларга боришга тайёрмиз» деб айтишди.
«Агар ҳукумат нотўғри қадамлар қўйса, биз шунга яраша жавоб берамиз. Кўп ишлар қиламиз. Ҳаёлингизга келмаган нарсани амалга оширамиз. Кўриб турибсизлар, бу ерда эркакларгина эмас, опа-сингилларимиз, керак бўлса катта ёшдаги оналаримиз ҳам келиб ўтирибди. Бугунги ҳукумат агар нотўғри иш қилсанглар биздан қаттиқ жавоб оласизлар», — деб ваъда қилишди маҳаллийлар.
Мазкур келишув лойиҳаси бўйича қандай қарор қабул қилингани ҳозирча номаълум. МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев парламент биносидан чиқар экан журналистларга маълумот кейинчалик берилишини айтди.
«Ҳозирча ошкор қилиб бўлмаслигини айтганмиз», — деди Ташиев журналистларга.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича музокаралар
26-сентябрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги икки давлат ҳукумат делегациялари айрим бўлимлар бўйича янги келишув лойиҳасини келишиш жараёнини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолади. Бироқ расмийлар протокол мазмунини эълон қилмаган.
29 сентябрь куни Ўш вилоятининг Ўзган туманида 300 га яқин маҳаллий аҳоли йиғилиб, митинг ўтказди. Маълумотларга кўра, аҳоли «сув омборининг ерлари Ўзбекистонга ўтиши мумкин» деб хавотирланиб, икки томонлама сўнгги келишувларни ошкор қилишни талаб қилишган.
4-октябрь куни Ўзган тумани маъмуриятида Кампиробод масаласи бўйича Президент Садир Жапаров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бироқ, унга аҳолининг аксарияти киритилмаган - бу бинонинг торлиги билан изоҳланган.
Кейинроқ президент Садир Жапаров «Кабар» давлат агентлигига интервью бериб, баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи Қирғизистонга ўтганини айтган.
Муаллиф: Зуйлайка Эркимбаева.