Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг низом ҳужжатларига тўлиқловлар киритишни таклиф қилди. Бу ҳақда ТИВнинг матбуот хизмати билдирди.
Вазирлик маълумотига кўра, 7-октябрlf Ереванда КХШТга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди.
Унга ТИВ раҳбарининг ўринбосари Нуран Ниязалиев ҳам қатнашиб, Тожикистоннинг Қирғизистонга нисбатан ҳарбий агрессиясининг оқибатлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, у маслаҳатлашувлар иштирокчиларини қуролли босқиннинг олдини олиш ва давлатлар ўртасидаги барча келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун КХШТ механизмларини имкон қадар тезроқ ишга туширишга чақирди.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув
14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Можарода Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20-сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 59 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.Тожикистон ТИВнинг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувда 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
Қирғизистон расмийлари воқеани босқинчилик ҳаракати ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб, можарони авж олишида Қирғизистонни айбламоқда.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 км бўлиб, шундан атиги 600 километри келишилган.
Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда ноқонуний тарзда биринчи бўлиб ҳужум қилган ҳаракатларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.