ФВВ: Баткендаги чегара можаросида эвакуацияланган фуқароларнинг аксарияти уйларига қайтишди

233

Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда 136 минг 770 нафар қирғизистонлик эвакуация қилиниб, 128 минг 522 нафар фуқаро доимий яшаш жойига қайтиб келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Муассаса берган маълумотларга кўра, тўқнашувлар чоғида жабрланганларга минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам етказилган.

– Шундан 332 тоннаси вазирлик томонидан, 1 минг 134 тоннаси фуқаролар томонидан ўз кучи билан етказиб берилди. Омборда 180 тонна инсонпарварлик ёрдами бор», — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк эти, хавфсиз ҳудудга қочган.

Қуролли тўқнашувда Қирғизистон томондан камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати эса можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлаган.

Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

20-сентябрь куни Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.