ТИВ: Санкт-Петербург шаҳрида 27 қирғизистонлик заҳарланиб, касалхонага тушди

260

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Прайдекс» қурилиш фирмасида ишлаган Қирғизистоннинг 27 фуқароси заҳарланиб, касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда 6-октябрда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Муассасанинг маълумотига кўра, мазкур фирма ишчиларни ётоқхона ва уч вақт таом билан таъминлаб келган ҳамда улар Лахта-Марказидаги қурулишда ишлаб келган.

Ҳозирда жабрланувчилар Боткин номидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Дастлабки маълумотлар бўйича, заҳарланганларнинг аҳволи қаноатланарли деб баҳоланмоқда.  Роспотребнадзор текширув олиб бормоқда.

ТИВнинг матбуот хизматидан элчиликнинг ходимлари воқеа тафсилотларини аниқлаётганини билдиришди.

Россиянинг Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2021-йилга кўра Россияга жами бўлиб 1 миллион 639 минг 28 қирғизистонлик кирган. Унинг 884 минг 133 нафар ишга ўрнашиш мақсадида келишган.