Президент Садир Жапаров 6 октябрь куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Кампир-Обод муаммосига боғлиқ мурожаат қилди. Унда у норозилик билдираётган маҳаллий аҳолини «бузғунчиликда» айблаган.
«Кампир-Обод атрофига чиқиб олиб бузуқлик қилаётганларни қаттиқ огоҳлантираман, эсингизни борида этакларингизни йиғиб олинг! Тартиб соқчиларига буйруқ бераман, халқни гижгижлаш орқали бузуқлик қилмоқчи бўлганларга нисбатан қаттиқ қонуний чоралар кўринглар. Эркалашнинг ҳам чегараси бор. Улар чегарадан ошиб кетишди», — деди президент.
Жапаров Ўзганда ўтказилган ёпиқ йиғилиш ҳақида ҳам тушунтириш берди. У «300 га яқин одам босқичма-босқич қабул қилинганини, уларга қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаштириш бўйича тушунтирилганини» айтди.
«Эрталабки соат 10:00 дан кечки 17:00 гача 7 соат давомида аниқ ҳужжатлар, эски келишувлар билан тушунтирдик. Нима учун ёпиқ эшиклар ортида кўраётганимизни ҳам одамга ўхшаб тушунтирдик. Худо хоҳласа, тез орада шартнома имзоланса, парламентдан ўтиб, битим бекор қилинмайдиган бўлганидан кейин қайси ерлар бизга ўтгани маълум бўлади. Ҳамма халқ сабр билан кутиб туринг», — деди Жапаров.
Шунингдек президент, баҳсли ерларнинг «99 фоизи биз тарафга ўтган» деб ёзган.
«Кампир-Обод бунгача тўлиқ Ўзбекистон томони назоратида эди, энди бундан кейин 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз, тўғонни биргаликда бошқарамиз, деган келишувга эришдик. Сув сатҳини 908 горизонтдан 900 горизонтга туширдик. Кейин кўл қирғоғидан 1246 гектар ер бўшаб, бизга ўтмоқда. У ерда истиқомат қилаётган халқимиз ўша ердан абадий деҳқончилик учун фойдаланади», — деди у.
Бироқ Кампир-Обод масаласи бўйича уни қўшни давлатга ўтказилишига қаршимиз деган аҳоли норозилик акцияларини давом эттирмоқда. Маҳаллий аҳоли 5 октябрь куни ҳам норозилик билдириб, Кампир-Обод қирғоғида бўз уй қурган. Бироқ 6 октябрга ўтар кечаси уни милиция ходимлари томонидан бузиб кетилгани маълум бўлди.
Вилоят ИИБдан бу «жамоат тартибини таъминлашга уриниш» деб билдиришди. Шунингдек, аҳоли акция ҳақида уларни олдиндан хабардор қилинмаганини айтмоқда.
Ўзгандаги ёпиқ йиғилиш
4 октябрь куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани ҳокимлигида Кампир-Обод масаласи юзасидан маҳаллий аҳоли йиғилди. Унда Президент Садир Жапаров бошчилигидаги мутасаддилар ва депутатлар иштирок этди.
Бироқ йиғилиш ёпиқ ўтди, бундан кўплаб аҳоли норози бўлди.
Дастлаб йиғилишга тўпланган одамларнинг деярли ярмидан кўпи ва журналистлар киритилмаган – бу бинонинг торлиги билан изоҳланиб, иккинчи босқичда қабул қилиниши айтилган. Шунингдек, йиғилишда қатнашганларнинг бинога кираверишда телефонлари олинган.
Кампир-Обод бўйича йиғилишга киритилмаган аҳоли президент Садир Жапаров ва у билан бирга келган мутасаддиларни «кўчага чиқиш»ни талаб қилишди. Бироқ уларнинг талаби бажарилмади. Шундан сўнг, ташқарида қолган аҳолини йиғилишга таклиф қилишган, бироқ баъзи маҳаллий аҳоли ҳам бинога киришдан бош тортган.