Жогорку Кенеш раиси Талант Мамитов истеъфога чиқди

246

Талант Мамитов истеъфога чиқди. Бу ҳақда у парламентнинг 5 октябрдаги йиғилишида маълум қилди.

«Бу менинг шахсий қарорим. Бунга сабаб— ўзингизга маълум, парламентда яқинда бир воқеа содир бўлди. Ҳаммамиз ўз ихтиёримиз билан Боткенга бордик. Айрим депутатларимиз айтгани учун бу масала оммавий ахборот воситаларига чиқиб кетди. Ўшанда бир қарорга келдим ва дарҳол аризамни ёзиб Боткенга бориш фикри туғилди. Аммо илтимосингизни инобатга олиб, ўз вазифамни ўринбосаримга вақтинча юкладим. Бугун ўйлаб, бир қарорга келдим», — деди у.

Мамитов бунгача ўз вазифасини ўринбосари Жамила Исаевага топшириб, ишга қайта қайтиб келган эди.

У «воқеа содир бўлди», деб, МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг «парламентга қурол олиб келган»ини айтган бўлиши мумкин. Бу ҳақда дастлаб депутат Адахан Мадумаров гапирди.

Мадумаров буни «ўта ваҳшийлик» деб атади ва депутатлар ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолаши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

«Азаттык» эса ишончли манбаларга таяниб, воқеа 22 сентябрь куни содир бўлганини ёзди. Ўша куни парламент Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув масаласини ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиққан.

Унда «Ташиев чегара туфайли танқид қилганларни Боткенга боришга чақириб, депутатларга қурол тарқатилгани, йиғилишда баҳс –мунозара ҳам бўлгани» айтилган.

«Спикер Талант Мамитов ўша ердан ўз лавозимини вице-спикер Жамиля Исаевага вақтинча ўтказишини маълум қилди ва раис бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Боткенга жўнаб кетди. Парламент матбуот хизмати Мамитов ўз лавозимига шу ҳафта қайта қайтганини маълум қилган», — деб ёзган «Азаттык».

22 сентябрь куни Жогорку Кенеш депутатлари камуфляж ва спорт формаларида автобусда Боткен вилоятига йўл олгани маълум эди. Бундай қарор ёпиқ йиғилишда қабул қилингани айтилган.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14 сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини «тажовузкорлик» ва «ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можарода 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган. Қурбонлар сони 206 нафарни ташкил этди.