Ўш вилоятининг Аравон туманида ўз хотинига зўравонлик қилиб, уни ўзи билан бирга яшашга мажбурлаган эркак 50 минг сом жаримага тортилди. Бу ҳақда адвокат Муҳайё Абдураупова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор Қорасув туман суди томонидан қабул қилинган. Эркак «Соғликка енгил зарар етказиш» моддаси бўйича жавобгарликка тортилган.
Адвокат аёлнинг калтакланган суратлари ва эркакнинг тўппонча юилан ўз хотинини қўрқитаётгани акс этган суратларни эълон қилди. У бу фактларни терговчи яширганини айтди.
Вилоят судидан бундай қарор чиқарилганини тасдиқладилар. Бироқ, ҳар икки томон тенг апелляция шикояти берганликларини қайд этишди.
Зўравонликка учраган аёлнинг иши
22-август куни адвокат Абдураупова Аравон туман ИИБ зўравонликка учраган аёлнинг аризасини қабул қилишдан бош тортганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Аравонлик фуқаро бир йилдан бери турмуш ўртоғини ташлаб кетмоқчи бўлган. Аммо эркак ажралишга рухсат бермай, уни ўзи билан яшашга мажбур қилади.
Адвокат 2021-йилнинг март ойида видеокузатув камераси томонидан олинган кадрларни эълон қилди. Унда эркак аёлнинг уйига ҳовли панжарасидан ўтиб кириб, ёш боласининг кўз ўнгида жабрланувчига ҳужум қилгани, унинг телефонини синдириб ташлаганини кўриш мумкин.
Ўшандан бери зўравонлик тўхтагани йўқ – шу йилнинг 13 июль куни эркак аёлнинг иш жойига бориб, бошқаларнинг кўзида унга зўравонлик кўрсатган.
21-июль куни эса эркак аёлни бўғиб, тепиб, калтаклаган, иккинчи телефонини ҳам синдириб, «ажрашолмайсан» деб уйига мажбурлаб олиб келган.
Абдураупова аёл милицияга мурожаат қилганида, улар воқеани «Соғликка енгил зарар етказиш» моддаси бўйича қайд этишган, бироқ калтаклаш ва мажбуран никоҳдан ўтказиш факти бўйича аризани қабул қилмаганини айтган.
Адвокат бу ҳақда ижтимоий тармоқда ёзганидан сўнг, 23-август куни Аравон туман ИИБ аёлни милицияга чақириб, ариза олган.
Милициядан эса Абдураупованинг сўзларини рад этишган. Улар «аёл 16 август куни Аравон туман ИИБга мурожаат қилган, бироқ яна келишга ваъда бериб кетиб қолган» дейишган.
Аёлнинг июль ойида ёзган аризасига кўра, «Соғлиққа енгил зарар етказиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Қорасув туман ИИБга ўтказилганини айтишган. Вилоят ИИБдан иш суд назорати остида эканини қўшимча қилишган.