Алмазбек Бейшеналиев таълим вазири хизматидан бўшатилди

236
Алмазбек Бейшеналиев

Алмазбек Бейшеналиев таълим ва фан вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 3-октябрда президент администрациясидан билдиришди.

ИИВ тарафидан «пора олишда» гумон қилиниб, қўлга олинган Бейшеналиев 28-ноябргача ҳибсга олинган.

30-сентябрда судга келаётганида журналистларнинг саволларига жавоб бериб, «айбдор эмаслигини» айтган. У «тез орада ҳаммаси ошкор бўлади, конвертдаги пуллар таълим соҳасига сармоя киритиш учун берилган» деб таъкидлаган эди.

ИИИВ 28-сентябрда таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев «110 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида» қўлга олинганини билдирган. Бейшеналиев хорижлик талабаларни мамлакатдаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш учун «катта миқдорда пора олган» деб гумон қилинмоқда.

Алмазбек Бейшеналиев

Алмазбек Бейшеналиев президент Садир Жапаровнинг даврида икки марта  таълим вазири бўлиб тайинланган.

У биринчи марта бу лавозимни 2020-йилнинг 14-октябридан бошлаб 2021-йилнинг 5-майигача эгаллаб келган. Кўп ўтмай, давлат раҳбари Бейшеналиевни Қирғизистоннинг БМТдаги ва Женева шаҳридаги доимий вакили этиб тайинлаган.

Иккинчи марта эса таълим вазири бўлиб Бейшеналиев жорий йилнинг 14 февралидан буён ишлаб келган.

Бейшеналиев 2018-йилгача ҳукумат аппаратининг таълим, маданият ва спорт бўлимини бошқариб келган. Шунингдек, 2012-йили Полшанинг Варшава шаҳрининг Вистула университетида проректор лавозимида ишлаган. 2013-йилдан бошлаб Жонс Хопкинс университетида дарс берган.

Бундан ташқари, Бейшеналиев Германиянинг Людвигсбург педагогика университетининг магистратурасини тамомлаган. Қирғизистонга келиб, «Ёш тадбиркорлар» уюшмасига асос солган.