Элчихона Россияда вақтинча юрган қирғизистонликлар ҳарбийга чақирилади деган маълумотни рад қилди

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси чет эл фуқаролари, жумладан, Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча ишлаб юрган қирғизистонликлар ҳарбий хизматга чақирилиши ҳақидаги маълумотни рад этди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россиянинг Ички ишлар вазирлиги имзолагани айтилаётган буйруқнинг сурати тарқалган эди.

Унда айтилишича, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари гўёки Россия Қуролли кучлари сафида хизмат қилишга мажбур. Буйруқда агар чет эл фуқаролари хизмат қилишдан бош тортса, уларнинг ишлаш бўйича рухсатномаси бекор қилиниши ва беш йил давомида Россияга кириши тақиқланиши айтилади.

«Ушбу буйруқни амалга ошириш самарадорлигининг режалаштирилган кўрсаткичи 2022 йил 1 ноябргача Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаган камида 75 минг хорижий фуқаролар миқдорида белгиланиши керак», — дейилади ҳужжатда.

Элчихона ушбу ҳужжатдаги барча маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб, қирғизистонликларни ҳақиқатга мос келмаган маълумотларни тарқатмасликка чақиради.

Россиядаги «мобилизация»

20-сентябрда Москва мэри Сергей Собянин Сахарова миграция марказида «Россия Мудофаа вазирлигига чет эл фуқароларининг ҳарбий хизматга киришини ташкил этишда ёрдам бериш учун тўлиқ инфратузилма» очилганини эълон қилди.

Бу Россия Давлат Думаси Россия армиясида шартнома асосида бир йил хизмат қилган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тартибини соддалаштирилган - яшаш учун рухсатнома олмасдан туриб қабул қилганидан кейин содир бўлди.

21-сентябрь куни Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинди. Марказий разведка бошқармаси рус армиясининг ҳалок бўлган ва яраланганлар сони 70-80 минг кишини ташкил этганини тахмин қилмоқда, Украина эса Россия томонида 50 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Аммо Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, қурбонлар сони 6000 дан кам.

Ҳозирда Россия армиясида хизмат қилган ва Украинадаги урушда камида 10 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум.

Шойгу 21-сентябрда қисман сафарбарлик деб аталувчи даврда 300 минг заҳирадаги аскар урушга чақирилишини маълум қилди. Бироқ, Meduza нашрининг хабарига кўра, амалда расмийлар 1,2 миллион фуқарони сафарбар қилишни режалаштирмоқда. Россия ҳукумати бу режаларни рад этади.