Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси куч органларининг фахрийларининг баёнотини тарқатди. Унда фахрийлар мухолифатнинг МХДҚ раиси Камчибек Ташиев фаолиятига нисбатан билдирган танқидига жавоб қайтарди.
Аввалроқ Бирлашган Демократик Ҳаракат аъзолари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевни лавозимидан четлаштириш, жавобгарликка тортишни талаб қилган эди. Улар Ташиевнинг қирғиз-тожик чегарасидаги тўртта чегара постини олиб ташлаш ҳақидаги қарори боткенликларни «ҳимоясиз» қолдирганини таъкидлашган.
Баёнотда Ташиевнинг ишдан олинишини нафақат ташкилот аъзолари, балки кўплаб қирғизистонликлар ҳам талаб қилаётгани айтилади.
Фахрийлар нима деб жавоб беришди?
Мурожаатда фахрийлар мухолифатнинг «жамоатчилик фикрини бузишга қаратилган ўта ҳақоратли хабардан жуда норози» экани айтилади.
«Биринчи навбатда, чегарада тинчлик ва тотувликка муҳтож бўлган чегарадош ҳудудларда аҳолисини бу каби яратилган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган гаплар хавотирга солмоқда. Бу воқеалар мамлакат раҳбарияти, жумладан, Ташиев ҳам воқеа оқибатларини тезда бартараф этиш, вайрон бўлган ва ёниб кетган инфратузилмани тиклаш, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш ва бошқа масалаларни ҳал этиш билан банд бўлаётган бир пайтда юз бермоқда. Ҳозир чегарадош ҳудуд аҳолиси совуқ келишидан хавотирда, уларга зудлик билан ёрдам бериш зарур. Асоссиз танқид ўрнига фойдали маслаҳатлар билан ёрдам бериш керак», —дейди улар.
Фахрийлар имзоланган №42 протоколни зарурий ҳужжат деб ҳисоблайдилар, «бунинг шарофати билан низолар барҳам топади, тинчлик ўрнатилади, қишлоқ аҳолиси [уйларига] қайтишлари мумкин бўлади» деб ҳисоблашади.
У Ташиев хавфсизлик идораларининг тўлиқ ишлашини таъминлаш учун «катта иш» қилаётганини қўшимча қилишди. Уларнинг фикрича, «миқёси ва аҳамияти жиҳатидан бу ишлар раҳбар томонидан биринчи марта амалга оширилмоқда, на постсовет даврида, на тинч совет даврида бундай ишлар кузатилмаган».
«Қамчибек Ташиевнинг истеъфосини талаб қилганларга келсак, МХДҚ ходимлари ва фахрийлари улар орасида ушбу лавозимда ишлаб туриб, бунёдкорлик ва ибратли ишлар қилмаган собиқ МХДҚ раҳбарлари борлигини билишади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, фахрийлар келгусида янада кўпроқ иш қилиш кераклигини, «танқидлар МХДҚнинг ҳозирги раҳбарияти Ташиев томонидан ҳамиша инобатга олинишини» қўшимча қилишди.
«Фахрийлар жамиятнинг бир қисми сифатида сохта ватанпарварлар халқни безовта қилмасликларини, мамлакатдаги вазиятни, айниқса, мана шундай оғир дамларда оғирлаштирмасликларини талаб қиладилар», - дея мурожаат қилишди улар.
Ташиевга нисбатан танқид
Ташиевнинг фаолияти нафақат мухолифат, балки парламент томонидан ҳам танқид қилинди. Жогорку Кенешнинг 28 сентябрь куни бўлиб ўтган сессиясида депутат Мирлан Самийкожо «ҳокимиятнинг бепарволиги ва лоқайдлиги» туфайли Тожикистон билан тўқнашувда Боткенда 62 қирғизистонлик ҳалок бўлганини таъкидлади.
«Кеча Боткенда бепарволик, лоқайдлик туфайли ўққа учган навқирон умрларга [...] бўтадай бўзлаётган оналарнинг кўз ёшларига албатта жавоб берилиши керак. [...] Тартибсиз иш олиб борган разведка ишларининг муваффақиятсизлиги учун ким жавобгар? Ёки бу бизнинг мамлакатимизда шунчаки "тўшак разведкаси", "жосуслик" ва "контрабанда разведка" ишлаб қолдими? Давлат хавфсизлигини ўз кекирдагимизмас, ўз ҳаётимиздан устун қўйишимиз керак эди. Парламент ўз вазифасини бажариб, ҳарбий ҳолатимизни мустаҳкамлаш ва олдини олиш учун катта маблағ ажратиб берган. Ўша маблағларнинг манзили қаерда? Эффектив, самарали ёки самарасиз ишлатилгани бўйича ҳозирча ҳеч ким жавоб бермади. Буларнинг барчасига ким жавобгар?» — деб сўради депутат.
Бошқа томондан, депутат Султанбай Айжигитов, агар №42 протоколга кўра тўртта чегара пости олиб ташланса, Қирғизистон Боткен вилоятининг ярмини йўқотиш хавфи остида эканини айтди. Унинг фикрича, ушбу протоколни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш керак.
Бундан ташқари, Адахан Мадумаров танқид қилиб, Ташиевнинг қилмишига қонуний баҳо бериш кераклигини айтди.
«Нафақат мамлакатдаги, балки бизнинг Жогорку Кенешдаги вазият ҳам осон эмас. Хавфсизлик хизмати раҳбари (Камчибек Ташиев — таҳр.) икки қути автомат кўтариб парламентга кириб келгани ниҳоятда ваҳшийлик. Биз қонун чиқарувчи орган сифатида ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолашимиз керак. Агар биз бунга баҳо бера олмасак, Жогорку Кенеш ўз ишини бажара олмади, деб билишимиз керак», — деди Мадумаров.
МХДҚ Мадумаровнинг гапларини рад этди.
Мамлакат ОАВ имзоланган №42 протоколга алоқадор бўлганлар ҳам норози эканини ёзмоқда. Чегара қишлоқлари аҳолиси уч кундан буён Ташиев билан учрашиш ва баённомани тушунтиришни талаб қилмоқда.