ТИЗО-1да сақланаётган фаол Ирис Жекшеналиевнинг аҳволи ёмонлашган. Бу ҳақда Қийноқларга қарши миллий марказ матбуот хизмати хабар берди.
Марказ ходимлари билан учрашувда Жекшеналиев сўнгги сўроқлардан бирида қон босими кўтарилганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, ўша куни сўроқ тўхтатилган ва у тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган.
Муассаса матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Жекшеналиевга магнит-резонанс томография ўтказилган. Бунга блогернинг ҳибсга олинишидан олдин мия жароҳати олгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, фаолнинг умуртқа поғонасида оғриқ борлиги, у юрак-қон томир касалликларидан тез даволанишга муҳтожлиги маълум қилинган.
«Жекшеналиевдан тергов изолятори ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан қўпол муомала ёки қийноқлар қўлланилгани ҳақида шикоятлар бўлмаган», - дея таъкидлади Қийноқларга қарши марказ.
Фаолнинг қўлга олиниши
19 ёшдаги Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун ИИВга сўроққа чақирилган.
Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш») моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
16-августда Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарори билан блогер ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган.
Жогорку Кенешнинг депутати Дастан Бекешев фаол Ирис Жекшеналиевнинг постида ҳукуматнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик чақириқлари ва оммавий тартибсизлик йўқ деб таъкидлаган.
Бекешев 20-августда қўлга олинган блогернинг яқинлари билан учрашганини айтган. Депутат ҳуқуқ ҳимоячилари ёш болага террорчидек муомала қилмоқда деб атган. Депутатнинг айтишича, фаолнинг уйида тинтув ўтказилиб онасининг ноутбуги ва сим-картаси олинган.