Ўш: Журналист Тожикистон ТИВ унинг исмидан фойдаланиб ёлғон маълумот тарқатганини айтиб  чиқди

246
Даврон Насибхонов

Ўшлик журналист Даврон Насибхонов Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг исмидан фойдаланиб ёлғон маълумот тарқатганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

Унга кўра, Тожикистон ТИВ ўз сайтида «Қирғизистонда этник тожиклар босим остида» деган материал жойлаштирган. Унда Насибхоновнинг калтакланиши ҳақидаги ҳикоя ишлатилган - лекин улар Насибхоновни «этник тожик аёли» сифатида кўрсатишган.

Исм-шарифини ҳам  аёлларникидай ўзгартиришган. Шунингдек уни «Азаттык» радиосида ишлайди деб ёзган.

«18 сентябрь куни Ўш вилоятида миллати сабабли “Азаттык” радиосининг мухбири, этник тожик аёл  Насибахон Давронбекова номаълум шахслар томонидан калтакланган», — дейилади хабарда.

Кейинчалик ТИВ расмий сайтидан Насибхонов ҳақидаги хабар  ўчириб ташланган, аммо скриншотлари ва вазирликка асосланган тожик нашрларининг мақолалари сақланиб қолган.

Насибханов тожик миллати вакили эмас, шунингдек у «Америка Овози» нашриётида ва «Клооп» нинг ўзбек тилидаги хизматида ишлайди.

«Менинг жинсим эркак ва мен "Озодлик"нинг қирғиз хизматига алоқадор эмасман. Мен Қирғизистон фуқаросиман, миллатим ўзбек. Дарҳақиқат, воқеа 17 сентябрь куни Ўшдаги марказий майдонда содир бўлган. Бу алоҳида мавзу», — деди журналистнинг ўзи.

Шунингдек, у Тожикистон билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва мазкур давлат ТИВи уни «этник тожик» сифатида кўрсатиб, сиёсий мақсадларда фойдаланмаслиги кераклигини айтди.

«Азаттык» радиосидан ҳам уларнинг Насибахон Давронбекова исмли ходими йўқлигини маълум қилди. Улар Тожикистон ТИВ тарқатган маълумотни рад этиб, ҳеч бир ходим калтакланмаганини айтишди.

Насибхоновнинг калтакланиши

Даврон Насибхонов 17 сентябрь куни Ўш шаҳрининг марказий майдонида номаълум шахслар томонидан калтакланган. Ўшанда журналист Боткен аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун эҳсон йиғилгани ҳақида ўзбек тилида репортаж тайёрлаётган эди.

Майдондаги айримлар уни тожикча гапирганликда айблаб, сабабсиз калтаклаган. Журналист унга милиция ҳам унга ёрдам бермаганини таъкидлаган.

Воқеа содир бўлган куни Боткендаги вазият юзасидан милицияга ариза бермаганини айтиб, кейинроқ ариза бериш ниятида эканини айтди. Ўш шаҳар ИИБдан эса 10 кун ичида у милицияга мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

Қирғиз-тожик чагарасидаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув 14-сентябрда бошланиб, 16-сентябрда кучайди. Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб,  можарони авж олдиришда Қирғизистонни  айбламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 22-сентябрга нисбатан можародан жароҳатланган сони 198 кишига етди. Шунингдек, қуролли тўқнашувдан 59 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга келтирилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 млрд сомни ташкил қилди.