Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида Боткен туманида саккизта мактаб ва битта болалар боғчаси вайрон бўлган. Бу ҳақда таълим вазири ўринбосари Нодира Жусупбекова Жогорку Кенеш Ижтимоий сиёсат қўмитасининг 19-сентябрдаги йиғилишида маълум қилди.
Унга кўра, Боткен тумани ва Боткен шаҳридаги мактаблар, шунингдек, Лайлак туманининг чегарадош қишлоқларидаги 26 мактаб ва 30 та болалар боғчасида ўқув жараёни тўхтатилган.
«Деразалар, томлар, деворлар отишма натижасида шикастланган. У мактабларда ўқув жараёнини бошлашнинг иложи йўқ. Шунингдек, ўқитувчиларимиз жароҳат олган, улар даволанмоқда”, — деди у.
Жусупбекова Лайлак туманидаги 40 мактаб ва 23 боғчада 19-сентябрдан ўқув жараёни бошланганини таъкидлади. Шунингдек, Қадамжой тумани ҳамда Сулукту, Қизил-Қия шаҳарларида ҳам ўқув жараёни йўлга қўйилди.
«Қадамжой тумани ва Сулукту шаҳридаги мактаблар, болалар боғчалари ва касб-ҳунар лицейларига эвакуация қилинганлар жойлаштирилди. Уларнинг фарзандларига китоб ўқиб бердик, ота-оналаримизга, ака-укаларимизга шароит яратиб, таом тайёрладик. Психологлар ёрдам беришди», —деди вазир ўринбосари.
Жусупбекованинг сўзларига кўра, Ўш вилоятининг Чон-Олой туманидаги бешта мактаб ва олтита болалар боғчаси аҳолининг хавфсиз жойга кўчирилиши муносабати билан тўхтатилган.
Қуролли тўқнашувларнинг оқибатлари
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-сентябрь куни бошланган қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган Қирғизистон фуқаролари сони 59 нафарга етди.
Жароҳатланганлар сони эса 19-сентябрь ҳолатига кўра 163 нафарни ташкил қилган.
Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва Тожикистон томонидан қилинган ҳужум деб атади. Тожикистон томони эса, ўз навбатида, Қирғизистонни «можароларни авж олдиришда ва қуролли тажовузда» айблади.
ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг хавфли ҳудудларидан 136 мингдан ортиқ, Ўш вилоятидан эса 5301 киши эвакуация қилинган.
Қирғизистонда 19-сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди.