Чегара хизмати: Паски-Ариқ миномётлардан отилган

Қирғизистон Чегара хизмати 17-сентябрь куни эрталаб соат 8:50 да Тожикистон аввалроқ эришилган келишувларни бузган ҳолда, Боткен вилоятидаги Паски-Ариқ аҳоли пунктини миномётлардан ўққа тутганини маълум қилди.

Чегара хизмати маълумотларига кўра, ўқ отилиши беш дақиқадан сўнг тўхтаган. Қирғиз-тожик чегарасида вазият таранглигича қолмоқда.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, Чегара хизматининг Боткен вилоятидаги бўлинмалари шахсий таркиби вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрмоқда.

Қуролли можаро

16-сентябрь куни эрталаб Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув авж олди. Чегарадаги илк тўқнашувлар 14-сентябрь куни содир бўлган.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, икки давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб шиддатли тўқнашувлар давом этган. Икки давлат расмийлари бир-бирини қуролли можаро бошлаганликда айбламоқда.

Қирғизистон расмийлари 16-сентябрда тўқнашувлар натижасида 15 ёшли қиз ўқ жароҳатидан вафот этганини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро оқибатида ҳалок бўлган қирғизистонликлар кўпроқ, бироқ уларнинг сони ҳозирча номаълум. Департамент, шунингдек, 87 киши жароҳатланганини айтган.

Тожикистон томони ўша кунги қурбонлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот эълон қилмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, соат 21:00 да тўқнашувлардан 136 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойга эвакуация қилинган.