Президентнинг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Абдикарим Алимбаев Тожикистон томони аввал эришилган келишувларга қарамай, чегаранинг барча участкаларидан «кутилмаганда оғир техника билан ўқ узмоқда» деди. У буни «тажовуз» деб баҳолади.
Бундан ташқари, тегишли раҳбарлар томонидан икки томонлама музокаралар режалаштирилганини қайд этди.
«Ҳозир отишма тўхтагани йўқ. Бироқ тегишли раҳбарлар, генерал Ташиев тожикистонлик ҳамкасби билан суҳбатлашган. Барча томонларга ўт очишни тўхтатиш буйруғи берилган, аммо отишмалар тўхтагани йўқ. Агар отишма тўхтаса, бугун йиғилиш ўтказамиз», — деди Алимбаев.
Шунингдек Алимбев чегара билан чегарадош қишлоқлар аҳолиси хавфсиз жойларга кўчирилаётганини таъкидлади. Унга кўра, маҳаллий ҳукумат вакиллари эвакуация қилинган аҳоли учун турар жой тайёрлаб қўйган.
“Чегарага яқин жойлашган қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилмоқдамиз. Улар ўз машиналари билан кетмоқда, ФВВнинг маҳаллий хизмати ҳам чиқармоқда. Ҳозирда қишлоқларда ҳеч кимни қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз», —деди у.
Шунингдек вилоят раҳбари Қадамжой туманидаги Развилка ҳудудига олиб борувчи йўл ёпилганини таъкидлаб, у ерга рухсатсиз бормаслик ҳақида огоҳлантирди.
«Эрталаб Оқ-Турпоқдан келаётгандаги Боткен туманининг Чўн-Тала қишлоғида, Тожикистон томонидан Лахкан қишлоғидан отишма бўлди. Биз вақтинча бу йўлни ёпиб қўйдик. Вақтинчалик одамларни ўтказмаяпмиз. Сўх вилоятида эса ҳокимлар сўзлашмоқда. Ўшга кетаётганлар Сўх анклавидан ўтишлари мумкин», — дея қўшимча қилди вилоят раҳбари.
16 сентябрь куни МХДҚ Чегара хизмати аввал эришилган барча келишувларни бузганини Тожикистон томони Боткен вилоятининг Боткен туманидаги қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига «хиёнаткорона» ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Соат 9:30 ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон чегарасида вазият таранглигича қолмоқда. Чегара хизмати отишмалар давом этганини, тожик томони эса танклар, БТР, БМП ва миномётлардан фойдаланаётганини қайд этди.
Муаллиф: Бегайим Талантбекова