Экстремистик материаллар тарқатганликда гумон қилинган Руслан Бекназаров 48 соатга ҳибсга олинди

305

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаровнинг ўғли —Руслан Бекназаров ҳибсга олиниб, Бишкек шаҳар милициясининг вақтинчалик ҳибсхонасига 48 соатга киритилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Руслан Бекназаров экстремистик материалларни тарқатишда гумон қилинмоқда.

Милициядан Фейсбукка мониторинг олиб бориш жараёнида Қирғизистонда фаолияти тақиқланган «Ҳизбут-Таҳрир-ал-Исломий» террорчилик ташкилоти мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилган аккаунт аниқлангани маълум қилишди.

Мазкур ҳолат юзасидан «Экстремистик материаллар тайёрлаш ва тарқатиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бу иш бўйича Руслан Бекназаров сўроқ қилинган.

Бундан олдин унинг отаси Азимбек Бекназаров ўғлининг ҳибсга олиниши ҳокимиятнинг «инсофсизлиги» эканини айтган эди.

«Боламни ҳибсга олиб, тиз чўктираман, деяпсизлар. Адашасизлар. Мени тиз чўктирмоқчи бўлган президентларни кўп кўрганман. Улардан бири - сизсиз. Сизлар мени, нафақат қирғиз халқини, балки уларни ташқаридан қўллаб-қувватлаётган бакиевчиларни ҳам 1,5 йилдан бери алдаяпсиз. Ваъдаларингизни бажармадингиз», — деди, мамлакат раҳбарларининг истеъфосини талаб қилди.

Руслан Бекназаров Бишкекнинг Свердлов тумани ҳокими ўринбосари. У бу лавозимга 2022 йилнинг июнь ойида тайинланган эди.

Бекназаров ҳокимиятни танқид қилгани учун ишдан бўшатилган

Азимбек Бекназаров 2000-2005 йилларда Жогорку Кенеш депутати, 2005 йилда эса бош прокурор бўлган. 2010 йилда Муваққат ҳукуматда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. 2005 йилги «Лола» ва 2010 йилги «Апрель» инқилобларида ҳам сиёсий етакчи ва фаол аъзо сифатида иштирок этган.

2020 йилда Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси этиб тайинланган.

Беканазаров элчилик вазифасидан четлаштирилгани шу йилнинг 5 августида маълум бўлди. Президент фармонида сиёсатчи «унга юклатилган ташқи сиёсий вазифаларни, жумладан, Қирғизистон ва Малайзия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга оид вазифаларни бажара олмагани» маълум қилинган.

Бекназаровнинг ўзи «Қумтўр» масаласини танқид қилгани учун ишдан бўшатилганини маълум қилди.