Депутат Атазов Матраимов собиқ президентларнинг «қурбони» бўлганини айтди

282

Парламент депутати Шайлообек Атазов Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов собиқ президентлар Алмазбек Атамбаев билан Сооронбай Жээнбековнинг ҳукумат учун курашиши «қурбони» бўлди деди. Бу ҳақда у Жогорку Кенешнинг 14 сентябрдаги йиғилишида айтди.

Йиғилишда сўз депутат Женишбек Токторбаевнинг Қирғизистон тарихида беш президент алмашиб, ўлкада ҳеч нарса ўзгармагани ҳақида айтганидан бошланди.

«Аскар Акаев 14 йил бошқарди, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Тўрт йил ўзи бошқарди, 10 йил рафиқаси бошқарди. Қанча мол, саройлар, автобаза ва бинолар бор эди. Ҳаммасини «прихватизация» қилиб йўқ қилди [...] Ундан кейин Қирғизистонни Бакиев беш йил бошқарди. Бир йил ўзи, тўрт йил ўғли Максим бошқарди. Миллионлаб пулларни олиб чиқиб кетди. Кейин эса Сооронбай Жээнбеков уч йил бошқарди. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Бир йил ўзи, қолган йили Асилбек Жээнбеков билан Райим миллион бошқарди», — деди депутат. Токторбаевдан кейин депутат Шайлообек Атазов сўзга чиқиб, Райимбек Матраимовнинг ёнини олиб, собиқ божхоначи мамлакатни бошқармади, у «бошқарувга» ёрдам берди деди.

«Асилбек Жээнбеков келганда Райим миллион ишдан кетган эди. У фақат божхона раҳбарининг ўринбосари, полковник бўлган. У киши давлатни бошқардими ёки давлатни бошқаришга ёрдам бердими? У киши икки душман уришса ўртада чивин ўлади дегандай, Атамбаев билан Жээнбеков ҳукумат талашиб, ижтимоий тармоқда қора пиар билан қоралайвериб, бугун «Дордой» ва «Қорасув» бозорини [сизга] қолдиришди. Райим миллион бошқармай, имкон қадар давлат иқтисодига ёрдам берган бўлиши мумкин, текшириб кўринг», — деди Атазов ҳамкасбига.

Шунингдек Токторбаев «Қирғиз халқ қаҳрамони» номини Камчибек Ташиевга халқ 12 йил аввал берганини қўшимча қилган. У Ташиев номга лойиқ эканини таъкидлади. Атаз эса ҳамкасбининг бу фикрига қўшилди.

«Жениш акамиз жуда тўғри гапни айтди. Унинг ҳақиқатни айтганини ҳурмат қиламиз. Бундан бир ой аввал Тенгиз Болтурук «ўзини хон қилмоқда» деган эдингиз, бугун эса [бу ҳақиқат] бўлмоқда. Аммо бошқарувдаги кишиларнинг номини айтганда адолатли муносабатда бўлиш керак. Мана муваққат ҳукумат дедингиз, Акаевдан тортиб ҳисоблаб чиқдингиз — у ўзингизнинг депутатлик ҳуқуқингиз. Ўғли бошқардими ёки аёли бошқардими биз қирғиз халқи баҳо берамиз. 2010 йили биз ҳам қон кечганмиз. Камчибек Ташиевнинг 100 минглаб одамларнинг қонини тўктирмасдан сақлаб қолганини ҳам биламиз. Асл қаҳрамон, халқ ўғлони», — деди Атазов.

Матраимов ва коррупция

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — Қирғизистон божхонаси раисининг ўринбосари бўлган. Аммо у божхона тизимида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу давр мобайнида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемани изга қўйган.

Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, ундан кейин Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов ушбу схемани бузилмасдан ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «ҳайр эҳсон» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом олиб чиқилиб кетганини исботлашган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемалари орқасидан қанча маблағ топганини ҳамон аниқ бўлмаган. Лекин унинг оиласининг кутилмаган (ва ноқонуний) бойигани очиқ-ойдин билинган. Масалан журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам чет элларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қимматбаҳо мулкларини топишган. АҚШ Матраимов билан унинг рафиқасини «Магнитский рўйхат»ига киритган.

2021 йилнинг бошларида Бишкекнинг Биринчи май туман суди Матримовни коррупцияда айбдор деб, фақат 260 минг сом жаримага тортган. Шунингдек у коррупция бўйича айбини тан олиб, бюджетга келтирган зарарнинг ўрнини тўлдириш учун 2 млрд сом тўкишга рози бўлган.