Россия ҳукумати Қирғизистонда жойлашган «Кант» авиабазасидаги аскарларини Украинага урушга юборган. Бу ҳақда бир неча шахсий манбасига таяниб «Азаттык» нашри ёзди.
Уларнинг маълумотига кўра, урушга Кант авиабазасида хизмат ўтаб юрган Тива Республикасининг (Россия таркибига киради) ўнлаб аскари урушга юборилган. Маҳаллий аҳоли Тивадан ҳарбийга чақирилганларнинг сони 300-500га етиши мумкин деб тахмин қилишади. «Азаттык» журналистлари ушбу маълумотни Россиянинг расмий ахборот манбаларидан мустаҳкамлаш мумкин эмаслигини таъкидлашади.
Шартномани тўхтатиб, кетишга ҳаракат қилишган
Тиваликлар маҳаллий аҳолига Кантда шартнома асосида хизмат қилаётганини айтишган.
«Тивалик аскарлар «Кант»ни қачон тарк этгани ва базада ҳали ҳам қолганми ёки йўқми, буни аниқ айтиш мумкин эмас. Бироқ, Google Earth Pro дастури жорий йилнинг июнь ойида сунъий йўлдош томонидан олинган суратларига қарасак, авиабазанинг ҳудудида тиваликлар яшаётгани айтилаётгани айтилган жойда 10 та катта ва 12 та кичикроқ чодирлар қурилганини атрофида ҳарбий техникаларни турганини кўриш мумкин», — деб ёзади «Азаттык».
Кантда хизмат қилган тиваликлар урушга жўнатилганини урушга боришдан бош тортган тиваликларга ёрдам кўрсатган «Новая Тива» ташкилоти фаоллари ҳам тасдиқлади.
Фаоллардан бирининг сўзларига кўра, тиваликлар Украинадаги урушга боришдан бош тортиб, келишувни бекор қилмоқчи бўлган, бироқ ҳарбий раҳбарият ҳужжатларини беришдан бош тортиб, қўйиб юборишни истамаган.
«Шартнома асосида ишлаётган бу аскарлар Қирғизистонга [2021 йил] декабрь ёки ноябрь ойларида жўнатилган. Афтидан улар Қирғизистоннинг қайсидир жойини қўриқлашган. Уларга қандай топшириқ берилганини билмайман. Кейин ёзда уларни [Украинага] юборишни бошладилар», — дейди «Янги Тива» ташкилоти фаоли Аяна.
Бироқ тўққиз нафар ҳарбий хизматчи раҳбариятни алдаб (яқин қариндошларига сумка жўнатамиз, деб) ҳужжатларини олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг «Бишкек-Красноярск» йўналиши бўйича чипта олиб, 29 июнь куни Россиянинг Қизил шаҳрига етиб келишди.
«Тивага келганларида уларга, «рад қилганинглар яхши бўлибди», дейишди. Сабаби, улар билан бирга хизмат қилган аскарларнинг бир қисми Украинада тузоққа тушиб, ҳалок бўлган, баъзилари жароҳат олган», — дея қайд этади фаол.
Унинг сўзларига кўра, «Кант» авиабазасидан келган тивалик аскарларнинг аксарияти 29 июнь куни Украинанинг Лисичанск шаҳридаги жангларда ҳалок бўлган.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
Фаол 2022 йил июнь ойида Қирғизистондан Украинага икки гуруҳга бўлинган камида 90 нафар тива ҳарбий хизматчиси жўнатилганини таъкидлайди. Улардан 10 га яқини ҳалок бўлган, 20 га яқин аскар яраланган. 30 дан ортиқ тива аскари Украинага келганидан кейин урушда қатнашишдан бош тортиб, Россияга қайтди.
Фаол Россия ҳукумати Россиянинг ўзида Украинага юбориш учун етарли қўшин бўлмаганидан Кантдаги қўшинларини юборган деган фикрини билдирди.
24 август куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Тошкентдаги йиғилишида «Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларнинг жанговар тайёргарлиги кучайтирилишини» маълум қилди.
Умуман олганда, Шойгу «ИШИД» ва «Ал-Қоида» каби халқаро террорчилик ташкилотлари фаол бўлган Афғонистондаги вазият Марказий Осиёда хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб қолаётганини таъкидлаган эди.
«Авиабазада ҳаракат камайган»
Бироқ, маҳаллий аҳоли «Кант» авиабазасида ҳаракат камайганини айтишмоқда.
«Ҳарбий база олдида автотураргоҳ бор. Унга 100-150 та машина сиғиши мумкин. Илгари жой тўлиб турарди. Украинада уруш бошланганидан бери атиги 20-30 та машина қолган. Бундан ташқари, йўлда ҳаракатланаётган машиналар сони ҳам камайди», — дея таъкидлайди «Азаттык».
Бироқ нашр Қирғизистон армияси ва расмийларига яқин манбаларга таяниб, Россия ҳарбий базасидаги парвозлар аввалгидек низом асосида амалга оширилаётганини ёзади.
«Азаттык»нинг мазкур базадан Украинага жўнатилган Тива аскарлари тарихи ва объектдаги ҳаракатнинг камайгани ҳақидаги мактубига Россиянинг «Кант» авиабазаси вакили ҳам, Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам ҳозирча жавоб бергани йўқ. Қирғизистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Мурат Бейшенов агар Украинадаги урушга Кантдаги ҳарбий базадан Россия қўшинлари жўнатилгани тасдиқланса, унда Қирғизистонга нисбатан саволлар туғилиши эҳтимоли борлигини таъкидлади.
«Россия Қирғизистон орқали Украина ёки бошқа давлатга қўшин ва техника юбора олмайди. Идеал ҳолда, бу шундай бўлиши керак. Чунки Украинадаги вазият КХШТХ масъулиятига кирмайди. Бу ташкилотнинг асосий вазифаси аъзо мамлакатларни терроризм ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишдан иборат. Шу боис Ғарб давлатлари ёки Халқаро Валюта Жамғармаси масалани кўтариши мумкин. Бироқ Россия билан келишувга кўра, биз уларнинг базасидан келаётган ва кетаётган самолётларни текшира олмаймиз. Бизни база ичига киришимизга рухсат берилмаган. Агар бирор нарса бўлса, Хавфсизлик Кенгаши шу тарзда жавоб бериши керак. Аслида биз ўша пайтда шартномани бошқача тузишимиз керак эди», — деди у «Азаттык» журналистларига берган интервьюсида.
Украинадаги уруш
Россия қўшинлари Украинага ҳужум қилганига ярим йилдан ошди. Россия расмийлари бу ҳаракатни уруш деб атамади, Украинани «демилитаризация» ва «денатсификация» қилиш мақсадида уюштирилган «махсус операция» деб атади.
БМТнинг 4 сентябрдаги маълумотларига кўра, Украинадаги урушда 5 718 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. 8 мингдан ортиқ одам жароҳатланган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Украина расмийлари ҳам айтиб келади.