Жорий йилнинг 5-ноябрида ҳудудларда ва Бишкек билан Ўш шаҳрида маҳаллий қурултой ўтади. Бундай қарор давлат котиби, Халқ қурултойини уюштириш қўмитасининг етакчиси Суйунбек Касмамбетов бошчилиги остида ўтган 9-сентябрдаги йиғинда қабул қилинди.
Президентнинг матбуот хизмати йиғилишга ташкилий қўмитанинг аъзолари, президентнинг вилоятдаги мухтор вакиллари, давлат идораларининг етакчилари иштирок этганини билдирди.
Йиғинда қурултойни ўтказиш бўйича ташкилий ишларнинг режаси ва делегатларни сайлашнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган намуналар қабул қилинди. Унга кўра, Халқ қурултойи икки босқичда амалга ошадиган бўлди.
Биринчи босқичда маҳаллий қурултой ўтиб, делегатлар сайланади. Уни маҳаллий кенгашлар уюштиради. Шундан кейин мандат олган делегатларнинг иштирокида Халқ қурултойи ўтади.
Йиғинда делегатларни танлашда ҳудуднинг этнос фарқлилигини ҳисобга олиш, гендер балансини сақлаш таклифи айтилди. Касмамбетов эса қурултойнинг мафкуравий аҳамияти катта эканини айтиб, президентнинг фармонини «камчиликсиз бажариш керак» деб таъкидлади.
Аввалроқ, 16-августда президент «Халқ Қурултойини чақириш тўғрисида»ги фармонга қўл қўйган. Аммо юрист Фатима Якупбаева президентнинг бундай ваколат ҳуқуқи йўқ эканини билдирган.
Юристнинг айтишича, Халқ Қурултойини уюштириш ва ишлаш тартибини Конституция ва конституцион қонун аниқлайди.
«Халқ қурултойи ҳақида»ги қонун лойиҳаси
Президент халқ қурултойи тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирган. Жапаров биринчи марта 2020 йил 10-октябрда парламент унинг номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлаганида, қурултой ҳақида гапирган эди.
Кейин Жапаров ўз тасаввурида янги Конституцияда «президент ва қурултой тизими бўлади, лекин бош вазир бўлмайди», деган эди.
Сўнгра президент халқаро телеканалга берган интервьюсида, қурултой президент ва парламент йилига бир марта ҳисобот берадиган орган бўлишини айтган. Шу билан бирга, Жапаровнинг қўшимча қилишича, агар қурултой мансабдор шахслар ишини қониқарсиз деб топса, ишдан бўшатиши мумкин.
Бундан ташқари, халқ қурултойи ўз қонун лойиҳаларини ташаббусчиси бўлиш имкониятига эга бўлади. Ҳозир бундай ҳуқуққа Президент, Парламент ва Вазирлар Маҳкамаси эга. Қонун лойиҳасида, шунингдек, қурултой президентга Вазирлар Маҳкамасининг айрим аъзолари ва бошқа мансабдор шахсларни ишдан бўшатиш таклифини киритиши мумкинлиги ҳам айтилган.