У шунчаки видеони бўлишган. Бекешев фаол Жекшеналиевни қўллаш фикрини айтди

149

Жогорку Кенешнинг депутати Дастан Бекешев 7-сентябрда парламентнинг йиғинида ижтимоий тармоқдаги пост учун қамоққа олинган фаол Ирис Жекшеналиев бўйича фикрини билдирди.

Бекешев президентнинг ва вазирлар маҳкамасининг Жогорку Кенешдаги вакили Алмасбек Абитовга мурожаат қилиб, қўлга олинган фаол ҳақида Садир Жапаровга маълумот беришини сўради.

Депутат милиция ҳеч нарсани текширмай туриб блогерни қўлга олиб кетганини билдирди.

«Жекшеналиевга шунчаки видеони бўлишгани учун оғир модда қўйишмоқда. Ҳукуматни босиб олишга чақирган дейишмоқда. Қандай қилиб 19 ёшдаги йигит ҳукуматни босиб олишга чақирар эди? Бу айблов тўғри эмас», — дейди халқ вакили.

Бекешев фаол ўқиб, тинч яшашни исташини таъкидалди. Бекешев фаолга аввал ҳам ён босган. Аввалроқ депутат фаолнинг постларидан ҳукуматни қонуний талабларига бош эгмасликка ва оммавий тартибсизликларга чақириқларни топмаганини билдирган. Парламентарий Жекшеналиевни қўйиб юборишни сўраган.

Фаолнинг қўлга олиниши

19 ёшдаги Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун ИИВга сўроққа чақирилган.

Бошқарманинг маълумотига кўра, Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш») моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

16-августда Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарори билан блогер ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган. 2-сентябрда эса шаҳар суди ҳимоячи томоннинг биринчи инстанциянинг қарорига нисбатан аппеляция аризасини кўриб, фаолни қамоқда қолдиришга қарор қилган.

Шаҳар судининг йиғинида Жекшеналиев судьяга мурожаат қилиб, озод қилишларини сўраган.

«Менинг ишимда жиноят унсури йўқ. Мени ўқишга қўйиб юборинглар. Мен видеонинг эски эканини билмаганман, чунки улар менга жўнатган видеонинг ҳаволаси янги, бир неча соат аввал эълон қилинган. Ҳеч қандай монтаж бўлмаган видео. Ўқишим керак. Онам ёлғиз яшайди, қиш келмоқда, барини ўзи кўтаролмайди. Мен тинч ўқийман, ҳеч кимга тўсқинлик қилмайман», — деб илтимос қилган фаол, аммо суд илтимосни қаноатлантирмаган.