Ташиев: Мухолифатчиларга чора кўришни истамайман, аммо ҳаддан ошса чора кўрамиз

316

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев «Қирғизистон Республикасининг қаҳрамони» олий ордени билан тақдирланганидан кейин «Регион» телеканалига интервью берган. Унда Ташиев бир қанча баёнотлар билан чиққан, жумладан, ҳукуматни танқид қилганлар ва мухолифатчилар ҳақидаги фикрини билдирган.

Ташиевнинг ҳукуматнинг бир қатор улкан мақсадлари бор эканини, бу учун «тинчлик ва барқарорлик» кераклигини билдирган. Масалан, Ташиевга кўра, Вазирлар Маҳкамаси яқин 5 йил ичида бюджетни 1 триллион сомга етказмоқчи.

«Шундай йирик молиявий муваффақиятларга эришиб, ишлар юришиб кетгандан кейин уни ҳеч ким тўхтата олмайди. Шу сабабдан жамиятимизда ҳозир тинчлик, барқарорлик зарур. Бизни танқид қиладиганлар ҳам бор. Биз бунга розимиз. Бизни танқид қилсин, биз нотўғри иш қилсак, ўшани тузатишга ёрдам берсин. Лекин жамиятда низо келтириб чиқаришга уринишмасин», - деб огоҳлантирди у.

Акс ҳолда Ташиевнинг айтишича, ҳукумат уларга қонун доирасида «чораларни кўради».

«Агар улар қарши чиқишда ва бундай ёмон ишлар қилишга уринишда давом этса, биз қонун доирасида барча чораларни қўллаймиз. Гарчи мухолифат, бизга қарши бирор нарса айтадиган, биз ҳақимизда ёмон фикр билдираётганлар бўлса ҳам чора кўришни хоҳламайман», деди у.

У мухолифатдаги одамларнинг аксарияти билан аввал бирга юрганини ҳам таъкидлади.

«Бироқ агар улар ҳаддан ошадиган бўлса, ҳеч қандай партиявийлигига, қилган меҳнатига қарамасдан чора кўрамиз. Чунки давлатчиликнинг асосий манбаси — тинчлик ва хотиржамлик. Тинчлик бўлса давлатимиз ўсиб, ривожланади», — деди Ташиев.

«Кулини кўкка совурамиз»

МХДҚнинг етакчиси мухолифатга ва тартибсизлик уюштиришни кўзлаганларга аввал ҳам огоҳлантириш берган. 19-июлда sayasat.kg сайтида Ташиевнинг интервьюси эълон қилинган. Унда у Қирғизистонда кузда революция бўлмаслигини, чунки ҳукуматнинг қилган ишларида ҳеч қандай тўнтаришга асос йўқ деб билдирган.

«Мен аввал ҳам огоҳлантирганман, ҳозир ҳам эслатиб қўяй. Кимда ким “революция қиламан” деб митингга чиқадиган бўлса, “кулини кўкка совурамиз”. Бизнинг вазифа – ортидан беш киши ҳам эрчимайдиган сассиқ сиёсатчиларнинг эмас, мамлакатнинг, жумладан кўпчилик халқнинг манфаатини сақлаб қолиш. Биз кўпчилик халқнинг, тарафдорларимизнинг қўйган талаби шундай. Биз бу талабларни бажарамиз», — деган Ташиев.

У бундан кейин ҳукуматнинг халқнинг норози бўлиб чиқишига «повод» бермаслигини ва «халол, халқ учун ишлаб» беришини қўшимча қилган.

Бишкекда апрелдан бери Ала-Тоо майдонида, Жогорку Кенешнинг, Президент администрациясининг ва МХДҚнинг, хатто Россия элчилигининг олдида тинчлик акциялари билан митингларни ўтказиш мумкин эмас. Биринчи май туман суди 1-сентябрда бу чекловни 2022-йилнинг 1-декабригача узайтирган.