Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳуқуқ ҳимоячиси Камил Рузиевга Қирғизистондан чиқишни тақиқлади. Бу ҳақда унинг ўзи «Клопп»га маълум қилди.
Маълумотга кўра, Рузиевнинг адвокати Чинара Жакупбекова ушбу чекловни олиб ташлаш илтимоси билан МХДҚга хат йўллади.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати шу йилнинг 22-августида Қоракўл шаҳар суди Рузиевнинг ишида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаганини ёзган эди.
Адвокатнинг мурожаатида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Рузиевга ноқонуний чеклов киргизгани айтилади.
«Биз ва Қоракўл шаҳар суди Рузиевнинг четга чиқиш тақиқланганини билмаганмиз. Чунки иш материалида керакли ҳужжатлар йўқ эди», — деб ёзган Жакупбекова.
Камил Рузиев эса Грузияга даволаниш учун таклиф қилинганини билдирди. Аммо унга Қирғизистондан чиқиш тақиқлангани учун у ерга бора олмаслигини айтди. У МХДҚ бундай чеклов билан унинг соғлиғига бўлган ҳуқуқини бузмоқда деб ҳисоблайди.
Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳар суди 12-августда Рузиевни оқлаган. У тиббий маълумотномани сохталаштиришда айбланаётган эди. Рузиев суд уни жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаганини айтган.
Тергов ҳуқуқ ҳимоячиси ўзи ишлаётган ишлардан бири бўйича Қоракўл шаҳар судининг қарори устидан шикоят қилиш муддатини узайтириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирган деган версиясини билдириб келган.
Аммо вилоят прокурорининг ўринбосари вилоят судига Рузиевни оқлаган Қоракўл шаҳар судининг ҳукмини бекор қилиш бўйича илтимос қилган.
Рузиевнинг иши
Камиль Рузиев — «Вентус» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари. 2015-йили уни милиция ходимлари қийноққа солиб, бундан кейин Қоракўл тергов изолятори фаолиятини текширмаслиги ва жабрланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилмаслиги ҳақида тилхат ёзишни талаб қилишган. Ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан қийнаш иши қисқартирилган.
Терговчи Нурбек Токушев ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳаётига бир неча бор таҳдид қилган. Токушев Рузиевни қурол билан қўрқитиб, бошига табел тўппончасини тақагани учун ишдан бўшатилган.
Токушев чет эл фуқаросини қийноқлар қўллаганликда ва уни ўз айбини бўйнига олишга ундаганликда ҳам айбланган —бу ишда ҳам жабрланувчининг манфаатларини Рузиев ҳимоя қилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси МХДҚ ва прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, терговчининг таҳдидлари билан қийноқларини текширишни талаб қилган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳеч қандай чора кўрмади. Шундан сўнг Рузиев МХДҚ ходимларининг устидан уларнинг ҳаракатсизлигидан шикоят қилиб, даъво аризасини ёзган.
Шундан сўнг, Рузиев 2020-йил 29-май куни Қоракўл шаҳридаги суддан чиқиб кетаётган вақтда ҳибсга олинган. Мазкур судда Рузиевнинг МХДҚ ва прокурорга қарши даъвоси кўриб чиқилган эди.
Ҳуқуқ ҳимоячисини ҳибсга олишда ишлаганлар Рузиев уларга қарши даъво аризаси берган МХДҚ ходимлари билан бевосита алоқада.
У икки суткага вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди, МХДҚдан ОАВга эса ҳуқуқ ҳимоячиси «Фирибгарлик»да ва даволаниши ҳақидаги тиббий маълумотномаларни қалбакилаштиришда гумон қилинаётгани ҳақида пресс-релиз келган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзи ҳам даволанаётганини яширмаган, аввалроқ ҳужумга учрагани, саломатлиги ёмонлашганини айтган. У даволанаётгани ҳақидаги маълумотлар амбулатория картасида бўлганлигини, касалхонада ётгани ҳақидаги маълумотни сохталаштирмаганини айтган.
Рузиев иши бўйича суд 2020 йил 18 сентябрда бошланган. Суд жараёни бошланишига яқин иш материалларидан «Фирибгарлик» моддаси олиб ташланди. Рузиевнинг ўзи буни ҳуқуқ ҳимояси фаолияти учун қасос деб ҳисоблайди.
2020 йил июнь ойи бошида ҳуқуқ ҳимоячиси уй қамоғига чиқарилгандан суддан кейин МХДҚ аввалроқ Рузиев манфаатларини ҳимоя қилган уч нафар Қирғизистон фуқаросининг видеосини эълон қилди. Улар видеода ҳуқуқ ҳимоячисини фирибгарликда айблашди.
Видео тарқалгач, ундаги қаҳрамонлардан бири ҳуқуқ ҳимоячисига ҳеч қандай шикояти йўқлигини айтди. 2020 йил 28 июль куни эса Рузиев ишида гувоҳ сифатида иштирок этаётган шахс Иссиқкўл вилоятининг ҳозирги бошлиғи Балбак Тулобаевга ариза билан мурожаат қилди.
У МХДҚ ходимлари ундан Рузиевга нисбатан «алдаб» кўрсатма олганини айтиб, ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан жиноий иш қўзғатилишини тўхтатишни сўраган.