Мавжуд бўлмаган мактаблар. Садир Жапаров 68 та янги мактаб ҳақида маълумот берди – бу муболаға бўлиб чиқди

290

Қирғизистонда мактаблар билан боғлиқ масала долзарблигича қолмоқда. Биринчидан, ўқувчиларнинг сони жуда кўп - бир партада уч киши ўтириш ҳолатлари учрайди. Иккинчидан, фойдаланилаётган мактаб биноларининг аксарияти авария ҳолатида. Натижада у ерда ўқиган болаларга бу йил май ойида Чотқолдаги мактабдаги каби дарс вақтида шифти қулаб тушмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Мамлакат ҳукумати, албатта, бу масалалардан хабардор. Бундан уч йил аввал, 2019-йили ҳукумат ишчи гуруҳи мамлакатдаги авария ҳолатидаги мактаблар сонини ҳисоблаб чиққан – 245. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, уларни бузиш керак, чунки улар ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради, уларнинг ўрнига эса — янги бинолар қурилиши керак.

Агар президент Садир Жапаровнинг сўзларига ишонадиган бўлсак, янги мактаб биноларининг етишмаслиги масаласи  ҳал этилмоқда. Апрелнинг охирида президент бир ярим йилдан сал кўпроқ вақт ичида – 2020-йилнинг октябридан 2022-йилнинг апрелигача бўлган даврда Қирғизистонда 68 та мактаб қурилиши тугалланганини, уларнинг барчаси республика бюджети ҳисобидан қурилганини билдирган.

Давлат раҳбари бундай билдирув билан президент администрациясининг янги биносининг қурилишига боғлиқ танқидларга жавоб берган.

«Клооп» ва «Дата мактаб» Жапаровнинг сўзларини текшириб кўришга қарор қилган — президент мазкур муддатда қурилган мактабларнинг сонини юмшоқ қилиб айтганда кўпайтириб қўйган.

Мактаб мактаб бўлмай қолганда

Давлат қурилиш агентлиги «Клооп»нинг сўровига жавобан, Жапаров тилга олган даврда қурилган 68 та мактаб рўйхатини берди. Уларнинг барчаси  республика бўйлаб жойлашган – республиканинг ҳар бир вилоятида камида тўрт объектдан ташкил топган.

Бироқ Давлат қурулуши берган рўйхатдаги 18 объект янги мактаб бинолари эмас. Уларнинг 10 таси мавжуд мактаблар ёнида қурилган қўшимча бинолар, еттитаси мавжуд мактаблардаги янги спорт залларидир. «Янги мактаблар»нинг рўйхатига бир ўтхона ҳам кириб қолган.

Иллюстрация: Алина Печёнкина

Қурилган 50 та мактаб қурилиши бўйича тендердан ўтиб-ўтмаганлигини ҳам текшириб кўрдик. Бу  маълумотни биз Қирғизистоннинг ва бошқа бир қанча мамлакатнингдавлат харидлари сайтидан маълумотлар тузиб, уларни таҳлил қилиш имконини берувчи BI Open Contracting онлайн сервисининг ёрдами билан изладик.

Юристларнинг маслаҳати билан биз нафақат қурилиш ишларини, балки қурилиш материаллари ва технологик асбоб-ускуналар каби товарларни харид қилишни ҳам ҳисоблаб чиқдик. Бундай харидлар мактаб қуриш циклининг бир қисми бўлиши мумкин.

Натижада мактаб қурилишга алоқадор тендерларининг ярмини топиш имкони бўлмади.

Бундан ташқари, Жапаров таъкидлаганидек 68 объектнинг бари республика бюджетининг ҳисобидан қурилмаган. Уларнинг 12си Саудия тараққиёт фондининг пулига, олтитаси — коррупцияга қарши курашдан умумий депозит ҳисобига* тушиб турган маблағ ҳисобидан қурилган.

                                 *2020-йилнинг июнида ҳукумат махсус ҳисобни бекор қилган

Шунингдек «Клооп»нинг мухбири рўйхатдаги мактабларнинг бир нечтасига бориб келиб, «қоғозда» қурилди дейилган бинонинг айримлари бугунги кунгача битмаганини, эксплуатацияга ҳам берилмаганини аниқлади.

Тўққиз йил томидан сув ўтган мактабда

«Бу мактабни тўрт-беш марта очишга ҳаракат қилишган. Ҳоким, хатто губернаторнинг ўринбосари ҳам келган, аммо бири ҳам бугунги кунгача очмаган», — дейди Баткен вилоятидаги Сай қишлоғининг турғуни «Жапаровнинг рўйхатидаги» мактаблардан бири ҳақида.

Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Мазкур қишлоқда уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. У икки тепаликнинг ўртасида, Ўзбекистоннинг Сўх анклавига яқин жойда жойлашган. У ерга фақат Ўзбекистон ҳудуди орқали чегара постларини кесиб ўтиш ёки Айдаркенни айланиб ўтиш орқалигина бориш мумкин.

Бу ердаги эски мактабда 350 дан ортиқ бола ўқийди. Баъзи ўқувчилар тоғ орасидаги чиябўрилардан қўрқиб мактабга бир неча километр юриб, айланиб боришади.

Эски бинонинг қурилганига 40 йилдан ошган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, у авария ҳолатида эканлиги аниқланган. Бир неча йил аввал яқин атрофдаги қишлоқ клубининг биносида мактаб учун қўшимча хоналар очилган эди – бунгача бу қишлоқ ўқувчилари уч сменада ўқиб юрган.

2019-йили қишлоқликлар Maral FM радиосининг журналистларига интервью бериб, мактаб муаммосини айтиб беришган. Ўқитувчилардан бири қиш вақти мактабда ўқувчилар совқотмасин деб “буржуй” печига ўт ёқишларини, бинонинг поллари эса чириб ётганини айтган. У маҳаллийлар ҳукуматга муаммосини айтиб бир неч бор мурожаат қилганини, аммо уларнинг овозини ҳеч ким эшитмаганини қўшимча қилган.

«Қишда томдан сув ўтади, — деб нолиди исмини ошкор қилмасликни илтимос қилган қишлоқ турғунларидан бири. — Бу ҳақда аввал ҳам айтганмиз, журналистлар ҳам келиб кетишган. Шундан кейин бизга амалдорлар келиб, бизни “интернет юлдузи” бўлибсизлар деб, мактаб директорини уришиб кетишган».

Сай қишлоғидаги эски мактаб. Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop
Сай қишлоғидаги эски мактаб. Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Шартли равишда айтганда, ҳукумат қишлоқ муаммоларини 2014-йилдан бошлаб ҳал қила бошлаган — мактабнинг эски биносининг ёнига 225 ўринга мўлжалланган икки қаватли янги бино тушган. У билан бирга спортзал ҳам қуриш кўзланганди. (Давлат қурилиши берган ршйхатда бу қишлоқда қурилган объект қатор айнан шу спортзал кўрсатилган). Аммо тўққиз йилдан бери бинолар ҳали ҳам фойдаланишга берилгани йўқ.

Асосан қурилиш битган деса ҳам бўлади — фақатгина майда-чуйда ишлар қолган: электр энергиясини қўшиш, бинонинг томига ёмғирнинг сувини оқизувчи қуқув ўрнатиш, информатика синфига компьютерларни олиб келиш, ҳовлини тайёрлаш, спортзалнинг ювиниш жойига сув қайнатгичларини ўрнатиш.

Шунга қарамай қишлоқлиларнинг бири янги корпуснинг кириш қисмининг олдида уйилган цемент қопларини кўрсатиб, у бу йил ҳам 1-сентябрга келиб очилмаса керак деб таҳмин қилади*.

                                   *«Клооп»нинг мухбири Сай қишлоғига 16-августда борган

Яна бир турғун мактабни йўқ деганда қишда очиб беришса яхши бўлар эди деб қўшимча қилди.

Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Қурилиш узоқ йилга чўзилиб кетгани учун қурилган бино ҳам аста-секинлик билан бузила бошлаган — баъзи деворларда ёриқлар пайдо бўлиб, ундаги плиткалар ажрай бошлаган.

«Ҳозиргисининг [янги корпуснинг] ўрнида аввал эски бино турарди, болалар ўшанда ўқир эди. Уни бузиб туриб, бунисини қуришди, — дейди яна бир қишлоқ турғуни. — 2014-йили болам учинчи синфда ўқир эди, бу йил эса мактабти битирди».

Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Сай қишлоғидаги воқеага ҳам хайрон қолмаса ҳам бўлади. Чунки Жалолобод вилоятининг Қағазди қишлоғида ҳам шундай муаммо бор. У ерда 2012-йили 100 ўринга мўлжалланган мактабнинг қўшимча корпусини қура бошлашган. Аммо бу ерда болалар бинонинг иши тўлиғи билан битмаганига қарамай янги бинода ўқишмоқда.

Қағазди қишлоғидаги янги мактабнинг биноси. Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Қағазди Новкен туманининг административ марказидан — Маси қишлоғидан бир неча километр узоқда жойлашган. Қишлоқда икки мингдан ортиқ одам яшайди.

1990-йилнинг бошида ҳашар йўлиб билан қурилган маҳаллий мактаб бўлгани 100 ўринга мўлжалланган. Шунга қарамай унда 230га яқин бола ўқийди. Ўтган йили бинонинг томи алмаштирилган, яқин йилларда эса дераза билан полларни алмаштириш режалаштирилмоқда.

Мактабнинг директори Минажат Тороева синфлар ортиқча тўлиб қолганидан дарс вақтида нафас олиш қийин бўлиб қолганини айтади — танаффус вақтларида хоналарни хаволантириш ҳам ёрдам бермаган.

Муаммони ҳал қилиш учун мактаб ходимлари ўтган қишда болаларнинг бир қисмини электри охиригача уланмаган, ошхонаси тайёр битмаган корпусда ўқитишга қарор қилишган. Бунга Санэпидемназорат ҳам рухсат берган дейди Тороева.

Давлат қурилишнинг рўйхатида Қағаздидаги спортзали бор қўшимча корпус қуриб бўлингани айтилади. Аммо агар корпусни битган деб ҳисобланган тақдирда ҳам ёнидаги спортзалнинг деразаси, томи, девори сувалиб битмаганини кўриш мумкин.

«Спортзал»нинг томи, Тороеванинг айтишича, яқиндагина ёпилган. Спортзалнинг томи ёпилиб бўлгунча ундан оққан сув янги корпусдаги синфлардан бирининг шифтига зарар берган.

Қағазди қишлоғидаги мактабнинг қуриб бўлинмаган спортзали. Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

«Биз у кабинетдан фойдаланмадик. Болалар учун хавфли деб ўйлаймиз», — дейди директор дастлабки план бўйича спортзал билан қўшимча корпуснинг қурилиши бирдек муддатда битказилиши керак бўлганини қўшимча қилиб.

«Парталарнинг ўртасидаги қаторлардан ўта олмайман»

Президентнинг рўйхатида қоғозда битказилган аммо амалда битмаган бино Бишкекда ҳам бор. Бу ерда №16 макабнинг қўшимча корпусининг қурилиши 2019-йили бошланган, бироқ ўшандан бери фойдаланишга берилмаган.

Сурат: Мундузбек Каликов / Kloop

Бинонинг ўзи тайёр, аммо ўқитувчилар объектнинг ички ишлари тугамаганини айтишмоқда. Уларнинг айтишича, корпус фойдаланишга берилмай туриб бузила бошлаган — томидан сув ўтиб, натижада кабинетларнинг шифтида сариқ доғлар пайдо бўла бошлаган.

Ўқитувчиларнинг тушунтиришича, пандемия ва кейин нархларнинг кўтарилиши муассаса очилишини кечиктирди. Уларнинг айтишича, мутасаддиларнинг муаммодан хабардорлиги – депутатлар мактабга бир неча бор ташриф буюришган ва ҳар сафар янги бино тез орада фойдаланишга топширилади, деб ваъда беришган, лекин ҳалигача бино очилмаган.

У жуда зарур бўлиб турибди — мактаб шунчалик тўлиб қолганидан, ўқитувчиларнинг айтишича, янги ўқувчиларни қабул қилиш ҳам тўхтатилган.

«Парталарнинг ўртасидаги қаторлардан ўта олмайман — уч кишидан ўтиришади. Орқа партада ўтирган болалар нима қилаётганини ҳам кўра олмай қолдим, — дейди ўқитувчилардан бири. — 1993-йилдан бери дарс бераман. Олдин бизда 20-25 ўқувчигина ўтирар эди, ҳозир 44 бола бор».

Мактаб ходимлари янги корпус йўқ деганда келаётган қишда очилиб қолар деган умидда. Бироқ, кўринишидан, бу ҳам №16 мактабнинг ортиқча тўлиб қолгани муаммосини ҳал қила олмайди шекилли. Янги корпус 225 болага, эскиси — 320 болага мослаштирилган.

Шунга қарамай ҳозирда у ерда 1300 нафар бола ўқимоқда.

Миллиардлик мактаблар

Таълими вазири Алмазбек Бейшеналиев яқинда берган интервьюсида сентабргача мамлакат бўйлаб 10 та янги мактаб очилади деб ваъда берган, бироқ бу етарли эмаслигини таъкидлаган эди. У мамлакатда авария ҳолатидаги мактаблар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини тан олган. Вазирнинг айтишича, ҳар йили СССР давридан бери қолган 10-20 та мактаб яроқсиз ҳолга келади.

Қирғизистонга мактабларни қўшни давлатлар ҳам қуришни бошлаган. Ўзбекистониикки мактаб қуриб берган – улардан бири апрель ойида тантанали равишда очилган, иккинчисини эса ўқув йили бошланишидан олдин фойдаланишга топширишни ваъда қилишган. Россия ҳам тўққизта мактаб қуриб (сўнгра уларни Қирғизистонга  ўтказиб беришни) ваъда қилган.

Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров июль ойининг бошида журналист ва блогерлар билан учрашувда мамлакатда 110 мактабнинг қурилиши бошланганини, аммо яна керак эканини айтган.

«Таъмир қилиб ўтирмай ҳар йили 24 мактаб қуришимиз керак», — деган у ўшанда. Бироқ Жапаров бунинг учун ҳукумат мамлакатнинг таълимига миллиард доллар сармоя киритишга рози бўлган инвесторни топишга умид қилишини қўшимча қилган.

Муаллифлар: Мундузбек Калыков, Валентина Галич

Муҳаррир: Дмитрий Мотинов

Воқеанинг продюссери: Алтинай Мамбетова