Спортчи Жалолдин Абдувалиев: Бизнинг ҳукумат параспортчиларни қўлламайди

264

Жалолдин Абдувалиев паратриатлончи, спортнинг ушбу тури бўйича жаҳон чемпиони. Бу йил Словакияда ўтказилган жаҳон чемпионатида у 53 нафар рақибини ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб келди.

2014-йили бахтсиз ҳодиса туфайли Жалолдиннинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолган – воқеадан икки йил ўтиб, у профессионал спорт билан шуғуллана бошлаган. Олти йил ичида у паратриатлон бўйича жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси ва кўзи ожизлар учун ҳудудда йўналиш бўйича инструктор бўлишга муваффақ бўлган.

«Жаҳон чемпиони бўлиш жуда қийин. Бу йил, аввалги йиллар ҳам мен учун қийин бўлди. Менимча, фақат мен учун эмас. Пандемиядан кейин қайтадан аввалги ҳолатимга қайтиш учун узоқ вақт керак бўлди. Жаҳон чемпионатига йил бўйи тайёргарлик кўрдик, айнан шу масофада беллашга тайёрландик. Ҳар куни машқлар – камида уч-тўрт соат машғулот ўтказдик», – дейди у.

2017-йили Жалолдин Қирғизистондаги кўзи ожизлар федерациясига асос солган, у ерда кўзи кўрмаганларни мустақил яшашга ўргатишади.

«Мен спортга бошқаларга, жумладан, кўзи ожизларга ўрнак бўлиш учун келганман. Мен уларга ўрнак бўлмоқчи эдим, чунки мен профессионал спорт билан шуғуллана бошлаган биринчи кўзи ожиз спортчиман», — дейди Жалолдин.

Унинг айтишича, қирғизистонлик параспортчиларнинг салоҳияти бор, лекин расмийлар бунга эътибор бермаяпти. Жалолдин президент билан учрашиб, параспортни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилишни истайди.

«Медаль қўлга киритган курашчилар ва олимпиадачиларни муносиб кутиб олишади. Давлат уларни қўллаб-қувватлайди, паралимпиячиларга эса яхши тилаклардан бошқа нарса йўқ. Ўйлайманки, ҳукумат бизни тинглайди. Келажакда бизга ҳам давлат томонидан шундай қўллов, катта имкониятлар бўлади деб умид қиламан», - дейди спортчи.

Келажакда Жалолдин Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё Пара-ўйинларида иштирок этади. Спортчи мазкур мусобақада биринчи ўринни қўлга киритиб, келажакда Қирғизистон чемпионларини тайёрлашга умид қилмоқда.

«Ҳар куни спорт билан шуғулланинг - бу қийин эмас. Бошлашнинг энг осон йўли югуриш ёки жисмоний машқлар қилишдир. Иложи бўлса, турли мактабларга, клубларга ёзилинг ва фитнес клубларига боринг. У ерда кўпроқ муваффақиятга эришиш мумкин. Энг муҳими, ўзингни ва дангасаликни енгиш», — дея хулоса қилди спортчи.