Қирғизистонда ишлаб чиқарилган олтин қачон ва қайси давлатга сотилаётгани ҳақида маълумот ошкор этилмайди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида билдирди.
Аввалроқ, «Азаттык» нашри олтиннинг асосий қисми, қиймати 1,1 миллиард долларни ташкил қилган олтин «номаълум давлатга» экспорт қилинганини ёзган эди.
Жапаров бундай чора халқдан яшириш эмас, балки хавфсизликни таъминлаш учун қилинишини таъкидлади.
«“19 тонна, 21 тонна олтинларни яшириб қўйишибди" деб шовқин кўтариб, билиб-билмай гапираётган укаларимга тушунтириб берай. Қайси давлатга, қайси вақтда, қайси самолёт билан олиб кетилаётгани махсус сир. Миллий банк бир миллиард долларнинг олтинини олиб кетаётса, манзилга боргунча қанчалаган давлатларнинг устидан учиб ўтади. Шундай бўлгандан кейин шунча тонна олтинни шу давлатга, шу рейс билан олиб кетаяпмиз деб жар солса, етмай қолиши мумкин», — деди Жапаров.
Президент олтин хорижий давлат банкларига етказилиб, дунё биржасининг баҳоси билан сотилишини айтиб, барча ҳужжатлар архивларда умрбод сақланиб қолишини таъкидлади.
Қумтор бўйича келишув
Қирғизистон ҳукумати 29 июль куни Қумторнинг Қирғизистонга бутунлай ўтказилганини эълон қилди. Шундай қилиб, Қирғизистон томони, Вазирлар Маҳкамасининг етакчиси Акилбек Жапаровнинг айтишича, Канаданинг Centerra Gold Inc. компанияси билан Қумтор лойиҳаси учун «ажрашиш»ни якунлади.
Келишувга кўра, Қирғизистон 2022-йилнинг 4-апрелига кўра умумий қиймати $777 млн долларни ташкил қилган Centerra’даги 26% акциясидан бош тортади. Шунингдек, келишувга кўра, Centerra ва Қирғизистон бир-бирига қўйган даъволардан ва барча суд музокараларидан воз кечади.
Бунга жавобан Қирғизистон «Центтера»дан 11 млн доллар дивиденд ҳамда 50 млн доллар миқдорида бир марталик тўланувчи компенсация олди.
Шу билан бирган давлатнинг бошқарувига «Қумтўр» кони бўйича Рекультивациялаш фонди ўтган, унинг кўлами тахминан 53 млн доллар.