АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан бино деворини ёруғлик орқали республика давлат байроғи тасвири билан безади. Бу ҳақда дипломатик миссия сайтида айтилади.
Маълумотга кўра, Қирғизистон байроғи элчихона деворида 2 сентабрга қадар туради. Элчихона қирғизлар ва америкаликларнинг умумий қадриятларини, жумладан, эркинлик, адолат ва тенгликни севишини қайд этди.
«Биз Қирғизистон Республикаси Мустақиллик куни муносабати билан элчихонамиз деворини байроқ сурати билан ёритаётганимиздан хурсандмиз. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда АҚШнинг Қирғизистон Республикаси мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашининг яққол рамзидир», — дейилади хабарда.
Улар, шунингдек, Қўшма Штатлар Қирғизистон мустақиллигини «биринчи бўлиб» тан олгани ва Бишкекда дипломатик ваколатхонаси очганидан фахрланишини қўшимча қилди.