Қирғизистоннинг Украинадаги элчиси Идрис Қадирқулов қирғизистонликлардан «вазият тўлиқ барқарорлашгунча» Украина ҳудудидан чиқиб кетишни илтимос қилди.
Шунингдек, у Украинага келишни режалаштираётган ватандошларни ҳам сафарини вақтинча тўхтатиб туришга чақирди.
Қадирқулов Украина ҳукумати яқин кунларда Киевнинг марказига ва аҳоли гавжум жойларга бормасликни тавсия қилганини билдирди. Украина ҳукумати хавфсизлик хавфи сабаб ҳарбий ва маъмурий муассасалардан узоқроқ туришни ҳам тавсия қилган.
Украинада уруш
24-февралда бошланган Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли ҳужумидан бери беш ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақт ичида у ерни 10 миллиондан ортиқ киши тарк этган, 14 миллион киши эса уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бир ой ўтиб, Қирғизистон дипломатлари Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар у ердан 700 дан ортиқ қирғизистонликларни эвакуация қилгани ҳақида хабар берган. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли улар Европа давлатлари: Молдова, Руминия, Болгария, Венгрия, Полша ва Туркия орқали ўз ватанларига олиб кетилган. Аммо эвакуация рейсларига ҳамма ҳам улгура олмаган. Қирғизистонлик кўплаб фуқаролар ва маҳаллий аҳоли мустақил равишда бошқа ҳудудларга ўтишган.
Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришига жавобан Россияга нисбатан мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар жорий қилди.
Қирғизистон ҳукумати Украинадаги уруш масаласида бетараф эканликларини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ сўнгги пайтларда Қирғизистон расмийлари Россия томони билан яқинлашишга уринаётгани сезилмоқда.