Уляновск вилоятидаги бахтсиз ҳодиса: Касалхонага ётқизилганларнинг уч нафари ҳам Қирғизистон фуқаролари

330

Россиянинг Уляновск вилоятида Mercedes  микроавтобуси ва иккита юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ натижасида касалхонага ётқизилганларнинг уч нафари Қирғизистон фуқароларидир. Бу ҳақда «Азаттик» нашри Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасига таяниб ёзди.

Элчилик жабрланганларнинг аҳволи ҳақида аниқ айта олмаслигини, аммо қаноатланарли деган маълумот борлигини қўшимча қилган.

Авария 21-август куни Николаевск туманининг Прасковьино ва Новопасское қишлоқларининг ўртасида, «Урал» катта йўлида қайд этилган. Авария натижасида 16 киши вафот этган — уларнинг 14 нафари Қирғизистон фуқароси.

Элчиликнинг ходимлари вафот этганларнинг яқинлари учун  +7 926 861 50 98, +996 551 312-000 махсус рақамларини эълон қилган.

Бу орада ижтимоий тармоқнинг айрим қўлланувчилари авариянинг видеосини эълон қилди. Гувоҳлар қирғиз фуқаролари бораётган «Мерседерс Бенц Спринтер» машинаси тўхтаб турганда, ортидан оғир юк ташувчи машина келиб урганини айтишган. Улар ҳалок бўлганларнинг орасида аёллар ҳам борлигини таъкидлашган.

Россиянинг Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2021-йилга кўра Россияга жами бўлиб 1 миллион 639 минг 28 қирғизистонлик кирган. Унинг 884 минг 133 нафари ишга ўрнашиш мақсадида келишган.