Бокс бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Биволга икки хонали квартира совға қилинди

316

Бишкек шаҳар кенгашининг собиқ депутати Байсалбек Эргешев WBA’нинг ярим оғир вазндаги чемпиони Дмитрий Биволга икки хонали квартира совға қилди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Бивол — Қирғизистонда туғилиб ўсган россиялик боксчи. Ҳозирда у Иссиқкўлда, у ерга 9-августда машғулотлар учун келган.

Активист Мурат Сооробеков Фейсбукдаги саҳифасига собиқ депутатнинг спортчига «кичик ватанида уйи бўлиб, тез-тез келиб турсин» деган мақсадда совға қилганини билдирди.

15-августда Токмок шаҳар мэрияси россиялик жангчига «Токмок шаҳрининг фахрий фуқароси» номини топширгани маълум бўлган.

Дмитрий Бивол

Дмитрий Бивол 1990-йилнинг 18-декабрида Токмок шаҳрида туғилган. Спортчи бокс билан 6 ёшидан шуғуллана бошлаган.

2002-йили оиласи билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кўчиб кетган.

Бивол 2007-йили халқро классдаги спорт устаси бўлган.

У бокс бўйича WBA, WBC, IBF ва WBO рейтингларида энг юқори ўринларга кўрсатилган. Спортчи профессионал боксда 20 ғалабани қўлга киритган (унинг 11и нокаут билан бўлган). У бирорта ҳам курашда мағлуб бўлмаган.

8-майда Лас-Вегасда Қирғизистонда туғилган спортчи Дмитрий Бивол дунёдаги энг кучли жангчилардан бири мексикалик Саул «Канело» Альваресни енгиб, WBA чемпионлик камарини сақлаб қолган.

Бивол мексикалик спортчи билан мусобақага қирғиз байроғининг остида чиққан.

Россиянинг «Известия» нашри Биволга Россия Федерациясининг мадҳияси ва байроғи билан чиқишга рухсат берилмагани ҳақида ёзган. Нашрнинг маълумотига кўра, спортчи ва унинг жамоаси босим туфайли учрашувни тарк этиш ҳақида ўйлашга мажбур бўлишган. Бироқ, натижада бундай қарор қабул қилинмаганини нашр аниқлаган. Ғалабадан сўнг Президент Садир Жапаров Биволни табриклаб, унга янги муваффақиятлар тилаган.

 Мақоланинг муаллифи Кайрат Бердишалиев.