Жалолобод вилоятининг Қоракўл шаҳрида 26 ёшли йигит вояга етмаган қизни алдаб, у билан жинсий алоқага борганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Справедливость» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан хабар беришди.
Маълумотга кўра, ташкилотга 69 ёшли аёл мурожаат қилган. У 15-июль куни 14 ёшдаги набираси уйидан 50 минг сом олиб қочиб кетганини, уни ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари тўрт кундан сўнг Бишкекдан топганини билдирган.
Аёл кейинчалик набираси 26 ёшдаги киши билан кетгани маълум бўлганини айтган. Шунингдек киши унинг балоғатга етмаган набираси билан жинсий алоқа қилганини, кейинчалик шахснинг қариндошлари «қиз унгача ҳам бошқалар билан жинсий алоқада бўлган» деган миш-мишларни тарқатганини таъкидлаган.
У милицияга ариза ёзган, аммо гумонланувчини ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан қўйиб юборишган. 25-июлда эса аёл Бош прокурорга ва ИИВнинг етакчисига ариза ёзган. Шов-шувдан кейингина гумонланувчини қўлга олишган.
Жалолобод вилоят ИИБдан мазкур факт бўйича «Ўн олти ёшга етмаган одам билан жинсий алоқада бўлиш ҳаракатлари» моддаси билан жиноят иши қўзғалганини билдиришди. Тегишли экспертизалар тайинланиб, шубхали 15-сентябрга қадар қамоққа олигани айтилди.
Болаларга нисбатан зўравонлик
ИИВнинг маълумотига кўра, Қирғизистонда 2022-йил бошидан бери болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Мазкур 400 фактнинг 55 ҳолати жинсий ҳарактердаги зўравонликдир.
Жинсий ҳарактердаги зўравонлик ичидан: 19 таси зўрлаш, 5 таси жинсий зўравонликка уриниш, 23 таси вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонликка уриниш ва 8 таси нопок ҳаракатлар.
Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳар йили ортиб бормоқда. Июлнинг охирида Ички ишлар вазири Улан Ниязбеков балоғатга етмаганларга нисбатан жиноятларнинг ўсиши ҳақида баёнот қилган.
Ишлар кўпинча судгача етиб бормайди, бунга сабаб болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари асосан қариндошлар томонидан содир этилади. Жабрланганларнинг оилалари ариза ёзишга қарор қилишса ҳам, қариндошлари билан келишиб, аризадан бош тортишади.