Жапаров 2020-йили ижтимоий тармоқдаги постлар учун ҳеч ким жавобга тортилмайди деб ишонтирган

270

Садир Жапаров премьер-министр ва президент вазифасини бажарувчи бўлиб турганда «Қирғизистонда бундан кейин ҳеч қандай сиёсий қувғинлар бўлмайди» деб ваъда қилган.

Бу ҳақда у 2020-йилнинг ноябрида, журналистлар билан учрашув чоғида, Алмабек Атамбаевга нисбатан октабр воқеалари бўйича қўзғалган жиноий иш ҳақидаги саволга жавоб бераётиб айтган.

Ўшанда Жапаров Қирғизистон халқи оз эканини, шунинг учун бундай давлатда бир-бири билан урушиб, бир-бирини қувғин қилиш нотўғри эканини айтган.

«Аксинча, мен ҳаммага айтяпман, ҳеч кимни ҳибсга олманг, ҳеч кимни таъқиб қилманг деяпман. Бир-биримиз билан урушиб юриб, мана 30 йилдан бери юртимизни ботқоққа ботирибмиз. Энди бундан кўра сиёсатни ташлаб, иқтисод билан шуғулланайлик деяпман, вақтимизни шунга сарфлайлик деб. Сиёсий таъқиблардан, бировларни қамашдан, турмаларни тўлдиришдан биз ҳеч қандай фойда топмаймиз. Буни мен адолатсизликни, қонунсизликни, бир эмас, икки марта қамалиб чиққан одам қатори, мен яхши биламан, юракдан ҳис қилган одамман», деган ўшанда Жапаров.

У журналистларнинг айтганлари ва фуқароларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини билдиргани учун  ижтимоий тармоқларда ёзган хабарлари учун ҳеч қандай сиёсий қувғин ва ​​таъқиб бўлмайди деб ишонтирган.

«Аввал, масалан, Фейсбукда очиқ ёзиб қўйса, кечирим сўратиб, уйигача бориб, шундай бўлиб келган, тўғрими? Энди бундай кейин ундай бўлмайди. Мен ҳаммага айтяпман, бундай қилманглар, ҳамма ўз фикрини очиқ айтсин. Агар у рост гапирган бўлса биз реакция қиламиз,  албатта текширамиз. Агар ёлғон гапирган бўлса, бир кун резонанс бўлади, икки кун резонанс бўлади, кейин ёлғоннинг қозони қайнамайди дейди, учинчи куни у ёлғон эканлиги билиниб қолади барибир... Шунинг учун ҳам биз томондан, ҳокимият томонидан таъқиблар бўлмайди», — деб таъкидлаган президент.

Бироқ Садир Жапаров давлат раҳбари бўлганидан бери ижтимоий тармоқлардаги хабарлар учун жавобгарликка тортиш тўхтагани йўқ.

Ана шундай шов-шувга сабаб бўлган воқеалардан бири Фейсбукдаги «Полит Узник» саҳифасининг администратори Ирис Жекшеналиевнинг пости учун қамалгани бўлиб қолди.

Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ раиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган. Ўша куни у қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киргизилган.

16-августда Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарори билан Бишкекдаги ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган.

Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳокимиятнинг қонуний талабларига фаол бўйсунмасликка чақириш ва оммавий тартибсизликлар ўтказишга, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш») моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган.

Унинг қамалиши бўйича депутат Дастан Бекешев фикрини билдирган. У 19 ёшдаги фаол Ирис Жекшеналиевнинг билдирувида ҳукуматни босиб олишга ҳеч қандай чақириқ йўқ деб ҳисоблайди. Бекешев президент кенглик қилиб, фаолни қўйиб юборишни буйруқ қилади деган умидда.

Жекшеналиевнинг қўлга олиниши 14-августда Жапаровнинг Жетим-Тоо конини ишлатиш бўйича маълумотлар ҳақидаги мурожаати ортидан бўлди.

Мазкур мурожаатда Жапаров«Жетим-Тоони “қўриқчилари” бўлиб олган халқни “исёнга” чақираётганларни» одамларнинг бошини айлантиришни тўхтатишга чақирган. Айни вақтда конни ишлатишга тайёргарлиги йўқ эканини таъкидлаган.  Президент «кон захирасини аниқлаб қўйиш учун геология ишларини олиб боришнигина буюрганман» деб қўшимча қилган.