13-августда президент Садир Жапаров Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига 1 вертолёт ва 34 махсус техника топширди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, ФҲВнинг тизимларига Airbus H-125 вертолёти, занжирли ва ғилдиракли экскаваторлар, юк кўтаргичлар, йўлтанламаслар, 150 та мобил уй ва бошқа техникалар топширилди.
Тадбирга Жапаров қатнашиб, техника олишга республика бюджетидан 384 миллион 140 минг сом маблағ ажратилганини таъкидлади.
«Иқлимнинг кескин ўзгариши кутилмаган табиий ва техноген офатларни келтириб чиқармоқда. Буларнинг барчаси биздан табиий офатларни, юзага келиши мумкин бўлган бошқа хавф-хатарларнинг олдини олишга, оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни кучайтириш ва янгилашни талаб этади. Ёнғин хавфи, сув тошқинлари, кўчкилар, йўл-транспорт ҳодисалари, кимёвий, муҳандислик, тиббий ва бошқа хавфли вазиятлар туфайли вазият мураккаблашиб, инсон ҳаётига зомин бўлаётган жуда ачинарли ҳолатлар кузатилмоқда», — деди у.
Жапаров бу йил бюджетнинг ҳисобидан яна бир вертолёт сотиб олиш режалаштирилаётганини айтди. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки кўмаги билан 1 миллион 23 минг 480 АҚШ долларига 10 дона йўлтанламас, бир кичик автобус ҳамда 11 муҳандислик оғир техникаси харид қилинишини қўшимча қилди.
Жорий йилнинг март ойида Жаҳон банкининг кўмагида Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига 58 ўт ўчириш машинаси олиб келинган. Техникаларни сотиб олишга Жаҳон банки 300 миллион сом, вертолёт харид қилиш учун 2 миллион евро ажратган.