Қирғизистоннинг етти вилоятига ҳамда Бишкек, Ўш шаҳарларига Россиянинг ҳисобидан жами тўққизта мактаб қурилади. Қурилишни Россия ҳукумати назорат қилиб, мактаб қуриб битказилгандан сўнг Қирғизистон томонига ўтказиб берилади. Бу ҳақда «Клооп»га Таълим вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, мактабларда ўқитиш рус тилида олиб борилади, агар зарурат бўлса қирғиз тилидаги синфлар очилади. У ерда дарс берадиган ўқитувчилар Россиядан махсус тайёргарликдан ўтиб келадилар.
«Ҳозирда бизнинг мамлакат томонидан тегишли участкаларни ва ҳужжатларни тайёрлаш жараёни бормоқда. Ҳозирча молиялаштириш ва қурилиш ишлари қачон бошланиши маълум эмас», — деб билдиришди вазирликдан.
Жалолобод шаҳар мэрияси эса Россиянинг ҳисобидан қурилувчи мактаб 1200 ўринли бўлишини таъкидлаб, қурилиш учун шаҳарнинг Спутник туманидан уч гектар ер ажратилганини қўшимча қилди.
Мэриядан мактаб қурилувчи ерни кўриш учун Россиянинг таълим ваъзирлигининг вакили Олег Чижаковский, Бошқирдистон давлат педагогика университетининг таҳлилий кабинетининг директори Радик Юлбаев келганини таъкидлашди.
«Мактаб халқаро андозлари асосида қурилиб, ўқитиш усули ҳам замонавий талабларга лойиқ бўлиши кутилмоқда», — дейишди мэриядан.
Таълим вазирлигнинг маълумотига кўра, Қирғизистонга Россиянинг ҳисобидан мактаб қуриш бўйича келишувга Садир Жапаровнинг Москвага бўлган иш сафарида қўл қўйилган.
Қирғизистондаги мактаблар
Қирғизистонда ўқувчиларга мактаблар етишмайди. Пойтахтдаги аксарият мактабларда бир синфда 40 нафардан бола ўқийди. Қишлоқларда эса мактаб бинолари авария аҳволида.
Таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев Қирғизистонда 245 мактаб яроқсиз аҳволда эканини билдирган. Унинг айтишича, 126 мактабда ўқувчилар уч смен билан ўқишади, ёш болаларнинг эса 22%гина бола боқчага боради.
Охирги расмий маълумотга кўра, таълим вазирлиги йилига давлат бюджетидан мактабларни таъмирлашга 100 млн сом ажратади, аммо бу маблағ чиқининг 24 фоизигагина етади.
Таълим вазирлигининг ўринбосари Надира Жусупбекованинг айтишича, қолган 76 фоизи маҳаллий ҳукуматнинг ва ҳомийларнинг ёрдами билан ёпилади.