Osh Trips: TooFest тадбирида иштирок этганларнинг пуллари қайтарилади

347
Суратлар ижтимоий тармоқ фойаланувчиларининг саҳифаларидан олинди

Ўшда 30-31 июль кунлари ўтган TooFest тадбирида қатнашганлар уюштирувчилардан норози бўлишмоқда. Иштирокчилар уларни «товламачилик» ва «ҳаётга хавф яратиш»да айблашди. Ташкилотчилар норозиликдан кейин иштирокчиларнинг пулларини қайтариб берадиган бўлишди.

Нима бўлди?

Июнь ойи бошида Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидаги Ленин чўққисида TooFest фестивали ўтиши, уни Osh.trips тур компанияси ўтказиши аниқ бўлган. Фестиваль 30-31 июлда ўтиб, унда миллий ўйинлар, концерт дастурлари, йога, Тулпар кўлига саёҳат бўлиши айтилган.

Тадбирга бориш учун чипталар 700 сомдан 4 916 сомгача сотилган. Нархи иштирокчининг фестивалда қанча кун қолишига, шахсий транспортининг бор-йўқлигига ва ўзи билан нима олиб боришига қараб қўйилган.

Фестиваль бошланган куни ижтимоий тармоқларда тадбир ташкилотчиларига норозиликлар айтила бошлаган. Баъзилари автобуслар уларни тадбир ўтадиган жойгача етказиб қўймаганидан шикоят қилишган.

Шунингдек қатнашувчилар ёғингарчилик туфайли кийимлари сув бўлиб, томдан нам ўтиб, совуқ қотишганини айтишган. Ижтимоий тармоқларда ёзилган изоҳларда ҳожатхоналар, махсус қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари бўлмаганини таъкидлаган.

Улар жойида ташкилотчиларга алоқага чиқа олмай қолганини айтишган.

«Биз совуқдан ўлиб олишимизга оз қолди. Нимага бизни ташлаб қўйдинглар? Ҳар ким қўлдан келишича ҳаракат қилиб омон қолди. Бизга ҳеч ким ёрдам бермади!» — деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Бундан ташқари иштирокчилар фестиваль дастурда кўрсатилгандай ўтмаганидан норози бўлган — TooFest'га келган одамлар ўша ерда туман маъмурияти Чон-Олойнинг 30 йиллик тадбирини ўтказаётганига гувоҳ бўлишган.

Маҳаллий аҳоли мазкур маросимга бепул киришган. Шу билан бирга бошқа иштирокчилар тадбир учун 700 сомдан тўлаган.

Блогер Владислав Андриянов «Клооп»га берган интервьюсида, фестивалга деярлик бир ой тайёрланганини айтиб афсусланди. У эълонда иситгичлари бор чодирлар берилиши айтилганини, аммо амалда бундай бўлмаганини таъкидлади.

«Биздан пулни олганидан кейин ҳеч бўлмаганда иссиқ бошпана билан таъминлаши керак эди. Чунки бундай совуқда ухлаш-хавфли. Инсон агар совуқда ухласа қайта уйғонмаслиги мумкин. Менда тахикардия бўлди, аммо тез ёрдам хизмати ҳам йўқ эди. Милиция ва тез ёрдам хизмати навбатчилик қилишини айтишган, аммо бундай бўлмади», — деди у.

Блогер фестивалда улар стрессга тушиб, қўрқув ҳиссида бўлишганини қўшимча қилди.

Шундай қилиб фестивалга келган мингдан ортиқ киши автобусларнинг ҳайдовчилари билан гаплашиб уйларига кетишга мажбур бўлишган.

Ташкилотчилар нима дейди?

Ташкилотчилар 31 июлда Инстаграм саҳифасига тушунтириш эълон қилишди. Унда уларнинг мақсади — туризмни ривожлантириш бўлгани, фестиваль дастур бўйича ўтмаганига «об-ҳаво сабаб бўлгани» айтилади.

Шунингдек ташкилотчилар Чон-Олой туман маъмурияти билан тушунмовчилик пайдо пайдо бўлганини айтишган. Уларнинг сўзида, дастлаб, маҳаллий аҳолига тадбирга кириш учун 200 сом имтиёз бўлиши келишилган. Аммо кейинроқ улар бепул кириши аниқ бўлган.

«Ҳаво ҳарорати ва логистик камчиликлар туфайли бир қатор муаммолардан тадбир режа бўйича ўтмаганини тан оламиз», — деди ташкилотчилар.

Ҳозирда фестивалга бориб норози бўлган кишилар ташкилотчиларнинг устидан ариза ёзишга ҳаракат қилишмоқда. Улар ташкилотчилардан пулларини қайтаришни талаб қилишади.

Мақола чоп этилишидан аввал ташкилотчилар иштирокчилардан пуллари қайтариб берилишини билдиришди.