Тўрт нафар қўшниси зўрлаганини айтган шахснинг иши. Милиция ҳаракатини Бош прокуратура текширади

Анна Гапликованинг иллюстрацияси. Қийноққа қарши коалиция.

Ўтган йили тўрт нафар қўшниси зўрлаб кетгани ҳақида ариза ёзган шахс милиция ходимлари уни масхара қилиб, гумондорлар томонида бўлаётганини айтган. Бош прокуратура «Клооп»га жабрланувчининг даъвоси бўйича ички текширув бошланганини билдирди.

Жабрланувчи нима дейди?

2021-йилнинг ноябрь ойида Норин вилоятининг турғуни тўрт нафар қўшниси зўрлаб кетганини айтиб, милицияга шикоят билан мурожаат қилган. Бу бўйича Норин вилоят ИИБи «жинсий зўравонлик ҳаракатлари» моддаси билан жиноят ишини қўзғаган.

Кейинроқ жабрланувчи Kaktus.Media нашрига ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари гумондорларга ёрдам бериб, уни масхара қилаётганини айтган.

«Шикоят ёзганимда ҳам у мени яна масхара қилиб, турли гапларни айтди. Асабинг ўйнайди, у ерда яна ўзлари масхара қилади. Ўшаларни қўлга олиб келишганидан [милиция ходимлари] “ҳа-ҳа лаб” залда юришди. Мен шок ҳолатида азоб чекардим. Мени масхара қилишса, ишонмай қолдим», — деди у.

Жабрланувчи Норин вилояти экспертлари биринчи суд-тиббий экспертиза натижаларини тоза деб чиқарганини таъкидлади. Шундан сўнг, далиллар Бишкекка жўнатилганида,  кийимлардан гумонланувчиларнинг бел сувлари топилганини айтди. Жабрланувчи гумонланувчилар экспертларни «сотиб олган» деб ҳисоблайди.

Шунингдек, у Норин прокуратураси, ИИВ, МХДҚ ва  президентга мурожаат қилганини ва «натижа йўқлигини» қайд этди.

Милиция ва Бош прокуратура нима дейди?

Норин вилоят милицияси фақат  иш Бош прокуратурага ўтказилганини таъкидлаб,  «Клооп» журналистининг бошқа саволларига жавоб бермади.

Бош прокуратуранинг матбуот хизмати жабрланувчининг адвокати уларга ариза билан мурожаат қилганини айтиб,  экспертиза натижасида қарама-қаршиликлар бўлгани боис,  иш 14-июль куни Норин вилоят прокуратурасига ўтказилганини тасдиқлади.

«Экспертларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва комплекс экспертиза тайинлаш учун жиноят иши Норин шаҳар прокуратурасига топширилди ҳамда жиноят иши юзасидан комплекс экспертиза тайинланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда»,, — дея ишонтиришди Бош прокуратурадан.

Назорат органи жабрланувчининг милиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги даъволари бўйича материаллар текшириш учун Ички тергов хизматига юборилганини қўшимча қилишди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Норин вилоятида жорий йилнинг олти ойида 132 та зўравонлик ҳолати қайд этилган. Уларнинг 64 таси жисмоний зўравонлик, 68 таси эса руҳий зўравонликдир. Зўравонликнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрмагани учун Ҳоким ўринбосарлари 10 минг сом миқдорида жаримага тортилди.

Қирғизистондаги зўравонлик

ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти қайд этилган. Бу 2020-йилга нисбатан 12%га кўп.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда зўрлаш ҳолати бўйича жами 613 киши судланиб, жазони ижро этиш муассасаларига қамалган. Улардан 610 нафари эркаклар, 3 нафари аёллардир.

Зўравонлик қурбонларининг аксарияти милицияга хабар бермайди, шунинг учун ҳодисалар қайд қилинмайди ва эътиборга олинмайди. Бу шуни кўрсатадики, оиладаги зўравонлик кўлами расмий статистик маълумотларга қараганда анча катта.

Тажовузкорни қонун бўйича жазолаш жуда қийин - аксарият жиноий ишларнинг натижаси жарима ёки жамоат ишларига жалб қилиш билан чекланади. Шунинг учун жиноий жавобгарликка тортилмаслигини билган тажовузкор аёлни  ўлдириши ҳам мумкин.

Агар сиз шеригингиз ёки нотаниш киши томонидан зўравонликка дуч келсангиз, ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва  мамлакат бўйлаб кризис  марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.