Таълим вазири: Олий ўқув юртлари абитуриентларни ҳар йили икки марта қабул қилади

391

Қирғизистондаги олий ўқув юртлари бундан кейин абитуриентларни йилига икки марта қабул қилади. Бу ҳақда Таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев билдирди.

Бейшеналиевнинг сўзларига кўра,  абитуриентлар олий ўқув юртларига сентябрь ва январь ойларида топшира олади.

«Асосий мақсад, қандайдир бир сабаблар туфайли сентябрда ўқишга кира олмаган абитуриентларга бир йилини бекор кеткизмай, университетга қайта топширишига шароит яратишдан иборат. Бу тўғрида ҳукумат қарори чиқиб, таълим муассасалари ўз ҳаракатларини олиб бормоқда», — деди у.

Бейшеналиев умумреспублика тести ҳам май ва ноябрь ойларида ўтказилишини қўшимча қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, мамлакатдаги олий ўқув юртларида умумий 232 минг талаба билим олмоқда, унинг 82 минги чет эллик талабалар.